#kun_hikmati
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
“Ҳилм – илмнинг вазири. Мулойимлик – илмнинг отаси. Тавозеъ эса илмнинг либосидир”.
– Ҳилм – қийинчиликларга сабрли ва матонатли бўлиб, ғазабни ичга ютиш, одамлар билан муомалада юмшоқ бўлишдир. Бунинг акси – ғазаб, жиззакилик ва сержаҳлликдир.
– Мулойимлик – юмшоқлик, оғир-босиқлик билан муомала қилиш. Унинг акси – дағаллик, қўполлик, бағритошлик, қўрсликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мулойимдир ва мулойимликни яхши кўрадир”, деганлар.
– Тавозеъ – ўзини катта тутмаслик. Бунинг акси – такаббурлик, ўзини катта санаш, ғурурланиш.
#hilm #ilm #muloyimlik
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ مُسْلِمِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْحَنَفِيِّ قَالَ: بِرَّ وَلَدَكَ فَإِنَّهُ أَجْدَرُ أَنَّ يَبَرَّكَ فَإِنَّ مَنْ شَنَأَ عَقَّهُ وَلَدُهُ
Муслим ибн Абдуллоҳ Ҳанафийдан ривоят қилинади: “Болангга яхшилик қил. Шунда у сенга яхшилик қилади. Ким ёмонлик қилса, боласи унга оқ бўлади”.
Боланг кичиклигида сен унга яхшилик қилиб, тарбиясини ва муомаласини яхши қилгин, қариганингда у сенга яхшилик қайтаради. Аммо ким ёшлигида фарзандига ёмонлик қилиб юрган бўлса, қариганида фарзандидан кўради.
Ота-она ўзининг фарзанди олдидаги мажбурият ва масъулиятини шараф билан адо этиб қўйса, қариганида албатта қилган яхшиликлари боласидан қайтади.
Худди шу маънога ўхшаш яна бир гап бор. Ким ёшлигида ота-онасига яхшилик қилса, қариганида унга ҳам боласи яхшилик қилади. Бу ҳолат аксинча бўлиши ҳам мумкин.
Отамиз раҳматли шу маънодаги ҳикояни бир неча марта такрорлаганларининг гувоҳи бўлганмиз.
Шундай экан, ҳар бир киши ота-онасига ҳам, фарзандига ҳам доимо яхшилик қилиш пайидан бўлиши керак. Қисқаси, ҳар кимга шариат томонидан берилган ҳақнинг риоясини қилиш лозим.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.