#kun_hikmati
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
“Ҳилм – илмнинг вазири. Мулойимлик – илмнинг отаси. Тавозеъ эса илмнинг либосидир”.
– Ҳилм – қийинчиликларга сабрли ва матонатли бўлиб, ғазабни ичга ютиш, одамлар билан муомалада юмшоқ бўлишдир. Бунинг акси – ғазаб, жиззакилик ва сержаҳлликдир.
– Мулойимлик – юмшоқлик, оғир-босиқлик билан муомала қилиш. Унинг акси – дағаллик, қўполлик, бағритошлик, қўрсликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мулойимдир ва мулойимликни яхши кўрадир”, деганлар.
– Тавозеъ – ўзини катта тутмаслик. Бунинг акси – такаббурлик, ўзини катта санаш, ғурурланиш.
#hilm #ilm #muloyimlik
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:
Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;
Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;
Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.
Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.
Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати