Савол: Аёллар ҳам хатм қилиш учун таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқишлари мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аёлларнинг Қуръонни хатм қилиш мақсадида таровеҳни жамоат бўлиб ўқишлари макруҳ ҳисобланади. Аёллар учун бу борада энг мақбул ечим уйида ўзи таровеҳ намозини ўқийди. Кучи етгунича Қуръони каримни ўқиб, хатмини ҳам қилиб бораверади. Қолаверса, аёлларни намози ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аёл кишининг ҳовлисидаги намозидан уйдаги намози афзалдир. Унинг уйдаги намозидан ўзига хос хонасидаги намози афзалдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Баззор ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Савол: Ҳадисда “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дейилганини ўқидим. Ҳадисдаги ушбу кенгликдан мурод нима?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳақиқатда, ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки Ашуро кунида аҳли аёлига кенглик қилса, Аллоҳ унга йил давомида кенглик қилади", деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар мазкур ҳадислардаги кенгликни еб ичиш, кийим-кечак ва бошқа нарсаларда кенглик қилишни ирода қилинган деганлар. Яъни одамлар шу куни оила аъзоларига худди байрамлардаги каби, балки ундан ҳам яхшироқ мўл-кўлчилик қилиб берсалар, Аллоҳ таоло уларга йил давомида кенгчилик қилади, деб тушуниш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази