2025 йилнинг 25 январидан 25 майига қадар Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтказилаётган “II Халқаро Ислом санъати биенналеси” бўлиб ўтмоқда. Нуфузли кўргазмада бутун дунёдан исломий мерос, нодир қўлёзмалар, ҳаттотлик ва наққошлик ижодлари, қадимий тангалар, либослар ва бошқа ноёб экспонатлар намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси фондида сақланаётган Катта Лангар Қуръонининг икки саҳифаси ушбу кўргазмага қўйилган. Мазкур экспонатни намойиш этиш ташаббуси Ўзбекистондаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан илгари сурилди.
***
Кўргазмадаги иштирок ва унга тайёргарлик жараёни бир неча босқичда амалга оширилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Диний идора кутубхонаси фондида сақланаётган Катта Лангар Қуръонини шахсан кўздан кечириб, унинг ҳимояси, келажак авлодга етказилиши ва халқаро кўргазмаларда муносиб тақдим этилиши борасида муҳим кўрсатмалар бердилар.
Кўргазмага йўл олган вакилимизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқуловлар хайрли дуолар билан кузатиб, ушбу намойиш юртимиз ва исломий мерос учун манфаатли бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона бўлими мудири Камолиддин Маҳкамов Жидда шаҳрига бориб, кўргазма махсус гуруҳи вакиллари ҳамда Франциянинг Лувр музейи реставратори билан ҳамкорликда Катта Лангар Қуръони саҳифаларини кўргазма залидаги махсус жиҳозга жойлаштирди.
Айтиш мумкинки, Катта Лангар Қуръони Ислом тамаддунининг ноёб дурдонаси бўлиб, унинг саҳифалари жаҳон илмий жамоатчилиги ва санъатшунослари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.
***
Халқаро Ислом санъати биенналеси дунё бўйлаб кўплаб таниқли санъатшунос, тарихчи ва илмий жамоатчилик вакилларини бирлаштирадиган йирик кўргазмалардан ҳисобланади. Унда Ўзбекистоннинг бебаҳо исломий мероси намойиш этилиши мамлакатимиз маданий-илмий меросини дунё ҳамжамиятига танитишда муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
“Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
“Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан Аллоҳ зикри қилинмайдиган уй худди тирик ва ўликка ўхшайди” дея умматларига зикрнинг фазилатларини гўзал мисоллар ила етказган Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!
Каъбул Аҳбор раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳнинг зикри билан уйингизни нурга тўлдиринг. Хонадонингизга намозингиздан бўладиган хурсандчиликни олиб киринг. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг номлари само аҳлига маълумдир. Улар: “Фалончи уйини Аллоҳнинг зикри билан обод қиляпти”, дейишади”.
Каъб раҳматуллоҳи алайҳи дедилар: «“Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” зикрлари Аршнинг атрофида асаларининг ғувиллаши каби эшитилади. Улар ўз эгасини ва унинг солиҳ амалларини зикр қилиб туради».
Даврон НУРМУҲАММАД