Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Июл, 2025   |   7 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:54
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
02 Июл, 2025, 7 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

"Лаа илаҳа иллаллоҳ" деб айтишнинг фазли 

17.02.2025   6729   4 min.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ‏رَضِيَ اللهُ عَنْهُ‏ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَسْعَدُ النَّاسِ بِشَفَاعَتِكَ يَوْمَ ‏الْقِيَامَةِ؟ قَالَ رَسُولُ اللهِ ﷺ‏: لَقَدْ ظَنَنْتُ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ أَلَّا يَسْأَلُنِي عَنْ هَذَا ‏الْحَدِيثِ أَحَدٌ أَوَّلُ مِنْكَ لِمَا رَأَيْتُ مِنْ حِرْصِكَ عَلَى الْحَدِيثِ: أَسْعَدُ النَّاسِ ‏بِشَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ خَالِصًا مِنْ قَلْبِهِ أَوْ نَفْسِهِ. رَوَاهُ ‏الْبُخَارِيُّ.‏

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Ё Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ё Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни қалбидан [ёки вужудидан] ихлос билан айтган кишидир», дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).

Шарҳ: Саҳобалар ичида энг кўп ҳадис ривоят қилган зот Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудир. Бунга асосий сабаблардан бири у кишини ҳадисга бўлган кучли иштиёқлари, имкон қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажралмасдан доим бирга бўлишларидир.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиққан ҳадисларни жон қулоғи билан тинглар ва ёдлаб олар эдилар. Кўпинча саволлар ҳам берар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ана шундай саволларидан бирида: "Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?" яъни, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг кўп насибадор бўладиган ким, деб сўраган эканлар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ё Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман" дебдилар. Бу эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу учун буюк шаҳодатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фалон саволни Абу Ҳурайрадан бошқа одам бермаса керак, деб юришларига сазовор бўлиш катта гап.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз гапларини давом этдириб: «Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши "Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни қалбидан [ёки вужудидан] ихлос билан айтган кишидир", дедилар.
Бу ерда ҳам ихлосга алоҳида эътибор берилмоқда. Ихлос Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш.

Демак, калимаи тавҳидни Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, чин қалбдан айтиш қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан энг кўп баҳраманд бўлишга олиб келар экан.
Аввало, чин қалбдан ихлос билан айтиш шартлигию ихлос билан айтиш амалсиз бўлмаслигини унутмаслигимиз лозим.
Иккинчидан, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» дейишдан мақсад, фақат шу иборани айтишдангина иборат эмас, Аҳли сунна ва жамоа қабул қилганидек, калимаи тавҳидни айтиб, унинг тақозоси бўйича иш тутишдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қиёмат, шафоат каби нарсалар ҳақида савол бериш мумкинлиги.
2. Қиёматда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари умматларининг ихлос ва қилган амалларига қараб бўлиши.
3. «Лаа илааҳа иллаллоҳ»нинг фазли улуғлиги.
4. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг аҳли фазл эгаларидан эканликлари.
5. Бировнинг фазли ҳақида ўзига хабар бериш мумкинлиги.
6. Ҳадисга ҳарис бўлиш – ниҳоятда қизиқишнинг яхшилиги.
7. Ихлос билан иш тутиш зарурлиги.


"Ҳадис ва Ҳаёт" китоби асосида.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

30.06.2025   2931   3 min.
Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.

Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.

Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.

Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда  “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.

Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).

Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.

Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.

 

Илёсхон АҲМЕДОВ