“Дуо” арабча сўраш, илтижо, чақириш маъноларини англатувчи сўз бўлиб, инсоннинг моддий ва маънавий эҳтиёжларининг қондирилишини сўраб Аллоҳ таолога мурожаат қилиши, Унга юксак умид ва илоҳий муҳаббат билан илтижо этиши ҳисобланади. Дуо — банданинг ўз Роббисига бўлган муҳаббатининг, иймонининг ва умидининг энг таъсирчан ифодаси бўлиб, инсоннинг қалбидаги чуқур эҳтиёж ва хоҳишларнинг Аллоҳ таолога юборилган мукаррам аризасидир.
Аллоҳ таоло Ўз каломида бандаларини дуо қилишга тарғиб қилиб бундай марҳамат қилади:
«Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан» (Ғофир сураси, 60-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларига дуо қилишни буюриб, Ўз ваъдасини аниқ баён қилган. Чунки дуо Аллоҳ билан банда ўртасидаги энг самимий ва самимиятга асосланган алоқадир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам дуо ҳақида шундай марҳамат қиладилар: "Дуо қилинг, чунки дуо ибодатнинг ўзаги ва мағзидир".
Бу ҳадис инсон учун дуонинг нақадар муҳим эканлигини англатади. Дуо фақатгина сўраш ёки тиловот эмас, балки банданинг Аллоҳ таолога муҳаббат ва иймон билан юзланиши, Унинг буюклиги ва камолотини эътироф қилиши, ўзининг ожизлигини тан олиши ва Роббисига тобеликни ифодалашидир.
Дуо – қуллик мақоми
Банда дуо орқали фақат эҳтиёжларини сўрамайди. Дуо, аввало, Аллоҳ таолонинг чақириғига «Лаббайк!» деб жавоб бериш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуо ҳақидаги тавсияларини бажариш ва айни пайтда, ибодатни адо этишдир. Чунки дуо қилган инсон Аллоҳга яқинлашиш йўлини топади, қалбидаги ҳар қандай ташвишлардан қутилади ва руҳий ором топади.
Бироқ баъзан инсон дуо қилади-ю, унинг ижобати кечикканидан хафа бўлади, ҳатто дуо қилишни тўхтатиш хавфига тушади. Аммо бу — банданинг катта хатоси ҳисобланади. Дуонинг ижобати ёки кечикиши Аллоҳнинг ҳикматига боғлиқдир. Банда учун энг муҳим жиҳат — Аллоҳга дуо қилишда давом этиш ва Унга бўлган ишончини йўқотмасликдир. Чунки дуо – қулликнинг ўзи, бандалик бурчини адо этишнинг энг юксак ифодасидир.
Дуонинг ижобати ҳикмати
Тасаввуф уламоларидан бўлган Яҳё ибн Саид ал-Қаттон роҳимаҳуллоҳ бир кеча тушларида Аллоҳ таолони кўрадилар ва шундай мурожаат қиладилар:
«Аллоҳим, сенга неча марта дуо қилдим, аммо ижобат қилмадинг!»
Аллоҳ таоло шундай жавоб берган экан:
«Эй Яҳё, Мен сенинг овозингни эшитишни яхши кўраман».
Бу ҳикоя инсонга катта сабоқ беради. Аллоҳ таоло доимо бандаларининг дуоларини эшитади, уларнинг ҳар бир мурожаати Унинг ҳузурида қабул бўлади. Аммо У Зотнинг ҳикматига кўра, бандалар сўраган нарсалар ё ўша заҳоти берилади, ёки кечиктирилади, ёхуд ундан яхшироқ бир нарса билан мукофотланади.
Дуода муваффақият ва сабр
Ҳар бир дуо ибодатнинг ажралмас қисми ва қулликнинг ўзидир. Инсон дуо орқали ўзини Аллоҳнинг ҳузурида муҳтож, ожиз ва мискин эканини англайди. Шунингдек, дуо инсоннинг қалбини сукунатга, онгини равшанликка, ҳаётини баракага тўлдиради.
«Дуо қилинганида Аллоҳдан ишонч билан сўранг. Чунки Аллоҳ дуо қилувчининг илтижосини рад этмайди» деган ҳадис бу ҳақиқатни янада чуқур англатади.
Шундай экан, ҳар бир банда дуо қилишда сабрли бўлиши, Аллоҳнинг ҳикматига ишониши ва Унга бўлган муҳаббат ва иймонини мустаҳкамлаши керак. Дуо – инсон ва унинг Роббиси ўртасидаги энг гўзал ва самимий алоқадир.
Дуо билан ҳаётингизда бардавом барака ва сукунат бўлсин.
Акмалжон Раҳмонов,
Модуль таълим тизими талабаси.
Шу йил 3 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раислигида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган масжидларнинг имом-хатиб ва мутаваллилари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Кўрилган масалалар масжидлардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари шаҳарсозлик меъёрларига тўлиқ мувофиқ бўлиши ва қурилишга оид ҳужжатларни талабга мувофиқ юритиш ҳамда қурилишлар содда, оддий ва дабдабадан ҳоли бўлиши бўйича масъулларга зарурий тавсиялар берилди. Қурилиш-таъмирлаш ишларини сифати ва белгиланган вақтда якунлаш зарурлиги яна бир бор эслатилди.
Барча имом-хатиб ва ходимларга масжидлар ҳамда уларга олиб борувчи 100 метр масофадаги йўллардаги тозалаш ва ободонлаштириш ишлари доимий бўлиши, намозхонлар учун шароитларни янада қулай бўлиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, таҳоратхоналардаги шароитларни замонавий талаб даражасига келтириш каби вазифалар юклатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
атбуот хизмати