Бизнинг онгимизда фақат баъзи нарсаларгина ҳаром ёки шубҳали экани ўрнашиб қолган. Лекин қўлимизга тушаётган мол-мулкка турли йўллар билан ҳаром аралашаётганидан бехабармиз. Мисол учун: сарфланган газ ва электр токи учун тўланадиган пулни йиғувчига пора бериб, камайтирамиз. Бу чўнтагимиз учун иқтисод. Аслида эса кўпчиликнинг ҳақи, қиёматгача сўраб ҳам розилигини олиб бўлмайдиган ҳақдир. Шу билан бошқа бир инсоннинг ҳам гуноҳига сабабчи бўлиб қоламиз. Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда бундай дейилган:
Савбон розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар”.
“Лаънат” нақадар оғир сўз, яна Аллоҳ таолонинг Пайғамбари тилидан қарғиш бўлиб чиқмоқда. Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин.
Шунингдек, бирор хусусий корхонанинг эгаси ишчилари келишилган вақтда ишда бўлмаса ёки кеч келса, унинг иш ҳақидан олиб қолади. Буни икки тараф ҳам эътироф этади. Лекин катта олий даргоҳларда, мактаб-боғчаларда, корхона-фабрикаларда, тиббиёт муассасаларида ҳафтасига маълум соатга, ҳар бир соати учун маълум миқдордаги пулга келишиб ишлаётган ҳеч бир одам кеч қолган дақиқалари, эртароқ чиқиб кетган кунлари учун ойлик олаётганда: “Бу менинг ҳақим эмас, ишлаган соатим ойлигимдан камроқ эди”, деб айтмайди. Қани айтинг-чи, ишчиларнинг келмаган соатлари, кеч келиб, эрта кетган кунлари учун тўла ҳақ олиши ҳалолми? Бундай десангиз, устингиздан кулишади. Лекин аслида бу топилган даромад ҳалол эмас, балки сутга тушган қумалоқдир.
Ҳозирги кунда ойнаи жаҳон, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган хабарлар орқали мактаб, коллеж ўқитувчиларининг ўз касбларига бепарво қараётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар эртага биз ўқитувчи бўлиб ҳалол ишлаганмиз дея оладиларми? Мусулмон инсон иш берувчи тараф топширган ишни омонат эканини зинҳор унутмаслиги зарур. Ўзига топши рилган омонатга у ҳар қандай кўринишда бўлмасин, хиёнат қилмасликка аҳду паймон ва саъй-ҳаракат қилиш иш бажарувчи тарафнинг масъулияти ва бурчидир. Мусулмон киши ўз ишига жиддий қарайди, ғайрат билан ишлайди ва бепарво, дангаса бўлмайди. Ишга жиддий муносабатда бўлмагунча ва ғайрат билан астойдил ишламагунча бирор яхши натижага эришиш мумкин эмас.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган мунофиқликнинг белгилари саналган ҳадисни ҳаммамиз билишимиз лозим: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқнинг белгиси учта: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди ва омонат унга ишонилса, хиёнат қилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Мусулмон омонатга хиёнат қилмайди. Бу иш мунофиқлик аломатларидан бири экани доимо ёдида туради. Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг ҳаётларидан бир воқеани ўргансак мақсадга му вофиқ бўлади. Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтади: “Ё Аллоҳнинг Расули, мени омил қилмайсизми?” Шунда у зот елкамга уриб: “Эй Абу Зарр, сен заифсан, албатта, бу (иш) омонатдир, албатта, бу қиёмат куни хорлик ва надомат бўлади. Фақат ким уни ҳаққи ила олса ва ундаги ўз бурчини адо этса, бундан мустасно”, дедилар.
Демак, инсон бирор касбни бошқарувини қўлга олмоқчи бўлса, унда иккита хислат бўлмоғи лозим.
Биринчиси – кучли бўлиш. Куч деганда, фақат жисмоний қувват эмас, балки ақлий, зеҳний ва шахсий қувват ҳам кўзда тутилади.
Иккинчиси эса ишончли – омонатдор бўлишидир. Заифлик мансаб масъулиятини ўрнига қўйиб, рисоладагидек адо эта олмасликнинг барча турларини ўз ичига олади. Ўзига юклатилган вазифа ни уддалай олмаслик, мансабдан фойдаланиб, ўз фойдаси ортидан қувиш, кишиларга зулм ўтказиш ва бошқалар шу жумладандир.
Мусулмон киши ўзида заифлик сезса, масалан, агар мансаб таклиф этилса, пора олиш орқали заифлик қилмаслигига шубҳаси бўлса, мансабни қабул этмаслиги керак.
“Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар” китобидан
Фарзандингиз Ҳаким Термизий каби буюк аллома бўлишини истайсизми? Унда ушбу суҳбатни томоша қилиб, манфаат олинг!
Баҳодиржон Аъзамжонов — Ўзбекистон халқаро ислом академияси тадқиқотчиси ҳамда Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси.
Ушбу медиамаҳсулот Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари қўмитасининг 2026 йил 28 сентябрдаги 02-07/7708-сон хулосаси асосида «Зиё» медиа маркази томонидан тайёрланди.