ТАОМЛАНИШ СИРЛАРИ (7 қисмдан иборат)
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(4-қисм)
ХАЛҚ МАҚОЛЛАРИ:
è Чақирилган ерга бор,
Чақирилмаган ерда сенга нима бор?
è Нафсини тийган киши султон бўлур,
Нафсини тиймаган киши ултон бўлур.
è Нафсини тийган – валий.
è Нокаснинг ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймас.
è Нон ҳам – нон, ушоғи ҳам – нон.
è Нон боласи – нонушоқ.
è Олғирлик офат келтирар,
Баднафслик – ҳалокат.
è Кам-кам есанг – доим ерсан,
Кўп-кўп есанг – нени ерсан?
è Отангга не қилсанг,
Олдингга шу келар.
è Нонга ҳурмат – элга ҳурмат.
è Нон ҳам – нон, увоғи ҳам – нон.
è Ноннинг уч кунлигини, гўштнинг бир кунлигини егин.
è Нон ҳидида ҳаёт бор, ҳар мағзида мамот бор.
è Нон бўлса – бас, ўзгаси – ҳавас.
è Нонсиз яшаб бўлмас, гапни ошаб бўлмас.
è Қириб есанг, қирқ кунга етар,
Ўйиб есанг – ўн кунга.
è Ҳар куни ема паловни,
Ҳар куни ёққин оловни.
è Ҳисобини билган – бир йил етим,
Ҳисобини билмаган – ўлгунча етим.
è Ҳамёнини қадрлаган
Ҳисобини пухта қилар.
è Товуқни есанг – бир ейсан,
Тухумини есанг – минг ейсан.
è Тежаб еган – дармонда,
Тежамаган – армонда.
è Эрта турган йигитнинг бир ризқи ортиқ,
Эрта турган аёлнинг бир иши ортиқ.
è Қаноат тўрга элтар,
Очкўзлик – гўрга.
ТИББИЁТ ОЛИМЛАРИНИНГ ТАДҚИҚОТ НАТИЖАЛАРИ:
Ø Инсон кўп еганда:
юрак қисилиб, тиниқ ишламайди;
мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатади;
ошқозон зўриқиб ишлайди;
одамнинг танбаллиги ортади;
камҳафсала ва серуйқу бўлиб қолади.
Ø Кўп овқат ейиш – инсон табиатига ёт нарса:
шифокорлар ҳамиша кўп таом ейишдан қайтаришган,
кам таомланишнинг кўплаб фойдаларини айтиб ўтишган.
Ø Қирқ кундан зиёд умуман гўшт емасликнинг зарари бор.
Ø Мунтазам равишда кўп гўшт истеъмол қилиш соғлиққа зарарлидир.
Ø Сут ёки сутли таом билан балиқ, тухум ва нордон нарсани,
қовурилган гўшт билан қайнатилганини,
эски гўшт билан янгисини,
мижози турлича бўлган овқатларни бир-бирига аралаштириб ейиш,
ҳидланган таомни истеъмол қилиш ярамайди.
Ø Овқатларни бир-бирига аралаштириб еб бўлмайди;
масалан, қатиқдан сўнг ғўр узумни,
барча турдаги овқатлардан кейин ўрик ва шафтоли еб бўлмайди;
ғўр узум билан балиқни,
сирка билан саримсоқни,
пиёз билан саримсоқ пиёзни ҳам аралаштириб истеъмол қилиш ярамайди.
Ø Асал билан қовунни,
товуқ гўшти билан балиқни,
саримсоқ, боқила, айрон ва қатиқни ҳам аралаштириб бўлмайди.
Ø Овқатланишда тез ва шитоб билан ейиш соғлиққа зарар қилади.
Ø Замонавий тиббиёт ҳам тик турган ҳолда шошилиб овқатланиш таомнинг яхши ҳазм бўлмаслиги ва семириб кетиш сабабларидан эканини аниқлади.
Ø Замонавий фан бармоқлар учларида иштаҳа қўзғашга ва овқат ҳазмига ёрдамлашадиган нуқталар борлигини кашф этди.
Ø Киши оч қолганда овқатга қўл узатса, жуда ҳам тўйиб кетмасдан олдин ейишни тўхтатса, ҳеч қачон бетоб бўлмайди.
Ø Сувни терлаб турганда ичиш яхши эмас.
Ø Уйқудан уйғонар-уйғонмас дарҳол сув ичиш тўғри эмас.
Ø Қишда қувватлироқ, ёзда эса енгил ҳазм бўладиган таом ва мева-сабзавотларни тановул қилиш.
Ø Дастурхондан асал, узум, хурмо, зайтунни узмаслик.
Ø Чарчаганда ширинлик ейиш.
Ø Бир ойда бир кун бўлса ҳам рўза тутиб, танага дам бериш.
Ø Овқат тез ейилмайди.
Ø Овқат шошилмасдан, яхши чайнаб ейилади.
Ø Таомни яхшилаб чайнамай ютмаслик.
Ø Таом билан ичимлик ўтириб тановул қилинади.
Ø Олинган луқмалар яхшилаб чайнаб, сўнг ютилади.
Ø Иложи борича ўнг тарафда чайнаган маъқул.
Ø Овқатланиш меъёрида бўлгани маъқул.
Ø Таом иссиқ ёки жуда совуқ ҳолда ейилмайди.
Ø Сархил овқатлар, мунтазам қуюқ зиёфатларни яхши кўриш одамни ялқов қилиб қўяди, соғлигига путур етказади, тоатдан чалғитади.
Ø Гўштли таомлар мунтазам ейилмайди, тарк ҳам қилинмайди.
Ø Ноннинг қотгани ёки эскирганини истеъмол қилиш зарарли эмаслиги, ҳатто айрим кишиларнинг саломатлиги учун фойдали эканлиги турли йўллар билан исботланган.
Ø Таомланиш пайтида китоб-газета ўқиш, телевизор кўриш, телефон ва бошқа машғулотлар билан банд бўлиш саломатлик учун зарарли.
Ø Қорин тўйгунча ейиш ҳам дуруст эмас.
Ø Таомдан кейин асло совуқ сув ичмаслик.
Ø Замонавий фан ҳам тик туриб сув ичиш зарарлигини исботлаган.
Ø Тишларни овқатлангандан сўнг тозалаб, ювиб юришга одатланган одам асло тиш оғриғига учрамайди. Бундай кишининг милклари соғлом бўлур.
Ø Буюк Британиянинг Астон давлат илмий-тадқиқот университети олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, ерга тушиб кетган егуликни беш сония ичида ердан олиб истеъмол қилиш соғлиқ учун хавфсиз экан. Чунки бу вақт ичида ҳеч қандай микроорганизм егуликка тегишга ёки уни зарарлашга улгурмас экан.
Ø Оилавий кечки овқат фойдали. Биргаликда овқатланиш анъанаси нафақат оилавий муносабатларни мустаҳкамлайди, балки соғлом овқатланиш одатларининг шаклланишига ҳам ҳисса қўшади.
Бу айниқса болалар учун жуда муҳимдир – болаларда ёлғиз овқатланиш келажакда овқатланиш қоидаларини бузилиши хавфини оширади. Шундай қилиб, кунига камида икки марта ота-онасидан алоҳида овқатланадиган болаларда семириш хавфи 40 % юқори.
Оиласи билан ҳафтасига 5 мартадан кўпроқ овқатланадиган болаларда овқатланиш бузилиши хавфи паст бўлади, соғлом овқат истеъмол қилади ва яхши ўқийди. Оилавий кечки овқат қанча кўп бўлса, одамлар шунчалик кўп сабзавот истеъмол қиладилар.
Ø Инсондаги ичак ва мия боғланган. Озиқ-овқат ёрдамида биз кайфиятимизни кўтариб, энергия даражасини оширишимиз мумкин.
Мазали таом ва идишларнинг чиройли тақдимоти ҳазм қилиш жараёнини рағбатлантиради; аммо бунда хавф ҳам бор – биз уларга берилиб, психологик муаммоларни муваффақиятсиз "ютишимиз" мумкин.
Ø Ош тузи – саломатлик ва нозик қоматнинг душмани.
Ø Ёғлардан сақланиш – соғлиқ учун зарарли.
Ø Фан бармоқ учларида иштаҳа қўзғашга ва овқатнинг яхши ҳазм этилишига ёрдамлашадиган нуқталар борлигини аниқлади.
Ø Баланд мусиқа сизни кўпроқ ва тез-тез ичишга мажбур қилади. Ейишга ҳам.
Ø Таомни кайфиятсиз ҳолда тановул қилмаган маъқул.
Ø Овқатланаётган пайтда яхши кайфиятда бўлинг!
Ø Инсоннинг барча сезги органлари бош мия назорати остида. Мия ошқозондан унинг бўшлиги ҳақида сигнал олиши биланоқ, одам очликни ҳис қилади ва аксинча. Тўйганлик ҳисси пайдо бўлиши учун ўртача 20 дақиқа керак бўлади. Демак, шошқалоқлик билан кўп еб қўймаслик учун, ҳар бир таомланишга камида 20 дақиқа ажратиш керак. Шу билан бирга яхшилаб чайнаб, кичик бўлакларга бўлиб овқатланиш даркор. Таомни тез ёйиш ортиқча истеъмол қилишга олиб келади. Натижада танада ортиқча вазн пайдо бўлади.
ЗАМОНАВИЙ ФАН ТАДҚИҚОТЛАРИ ва АЖОЙИБ МАЪЛУМОТЛАР:
Башарият мавжудлиги тарихи давомида одамлар ҳар доим 3 нарсани қилишган – турмуш қуришган, вафот этишган ва овқатланишган...
Бу вақт ичида озиқ-овқат ҳақида жуда ҳам кўп қизиқарли фактлар мавжуд. Мана улардан баъзилари:
v Овқат пиширишга аёллар эркаклардан икки баравар кўп вақт сарфлашади.
v 2015 йилдан бери Сиэтл (Австралия)да овқатни ташлаш тақиқланган. Қолдиқларни уйсизларга, ҳайвонларга тарқатиш ёки ўғитга айлантириш керак. Қонунни бузган корхоналар 50 доллар ва жисмоний шахслар – 1 доллардан жаримага тортилади.
v Озиқ-овқатлар ичида асал – бузилмайдиган ягона маҳсулотдир.
v Космик нон 1 тишлаш учун етарли бўлган пакетларга қадоқланган. Бундай қадоқлаш космонавтларни нафас олиш йўлларига тушиши мумкин бўлган ноль тортишиш кучида учадиган ушоқлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалардан ҳимоя қилишга имкон беради.
v Ўртача одам ҳаёти давомида тахминан беш йилни озиқ-овқатга сарфлар экан.
v Овқатнинг таъми одам овқатланадиган баландликка ҳам боғлиқ.
v Лондон (Буюк Британия)даги ҳинд ресторанлари сони Ҳиндистоннинг Деҳли ёки Мумбайдаги ҳинд таомларини таклиф қиладиган ресторанлар сонидан кўп.
v Дунёга машҳур Читос чиплари 1976 йилда фаррош Ричард Монтанез томонидан ихтиро қилинган.
v McDonald's ҳар йили 2,5 миллиард бургер сотади. Яъни ҳар сонияда 75 та, ҳар куни 6,5 миллион бургер сотилади.
v Мексика ва Жанубий Америка цивилизациялари шоколадни валюта сифатида ишлатган.
v Гуруч – дунё аҳолисининг ярмидан кўпининг асосий озиқ-овқатидир.
v Наполеон Бонапарт кечки овқатга 12, тушликка 8 дақиқа сарфлаган экан.
v Инсон ҳаётининг 5 фоизини овқатланиш билан ўтказади.
v Бир таомланиш 20 дақиқа атрофида давом этади.
v Одатда одам кунига 3 марта овқатланади.
v Инсон ҳаётида овқат тайёрлашга тахминан 1064 кун ёки 2,9 йил сарфланади.
v Тайёрланган озиқ-овқатни ейиш учун бизга 3,66 йил керак бўлади, бу ҳар куни тахминан 67 дақиқага тенг.
v Биз бутун ҳаётимиз давомида тахминан ўртача 35 тонна озиқ-овқат истеъмол қиламиз.
БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти) МАЪЛУМОТИ:
³ БМТ Бош Ассамблеяси ҳар йилнинг 15 октябрь санасини “Халқаро қўл ювиш куни” деб эълон қилган.
(4 – қисм тугади. Давоми бор...).
Иброҳимжон домла Иномов
“Ҳозир ким ҳам китоб ўқирди?”. Бугунги кунда китоб мутолаасини унутган одамлар жамият номидан ана шу гапни гапиришга ўрганиб қолган.
Ростдан ҳам китоб ўқишдан юз ўгирдикми ёки ўқишга тўсиқлар борми? Балки муаммо ўқимасликда эмас, мутолаа маданияти ва тарғиботнинг пасайганидадир?
Одамлар китоб мутолааси ҳақида қандай фикрда?
Бу ҳақда мақола ёзишдан аввал ижтимоий тармоқда ва аҳоли ўртасида “Нега китоб ўқишга одатланмай қўйдик?” саволи билан сўровнома ўтказдик.
Сўровнома натижасига кўра, иштирокчиларнинг энг катта улуши — 29 фоизи “Мунтазам китоб ўқиб бораман” жавобини танлаган. Бу яхши, аммо 26 фоиз иштирокчи китоб ўқишга вақти йўқлиги, 25 фоиз қатнашчи китобдан кўра телефон қулайлиги, 2 фоизи китоб ўқиш зерикарли эканини билдирди. 13 фоиз респондентлар эса китоб ўқишга сабри етмаслигини таъкидлади. Шунингдек, айрим фуқаролар эринчоқ бўлиб кетгани, китоб ўқимасликка турли баҳоналар топилиши, қизиқарли китоблар камлиги, аудио ва электрон китоблар қулайлигини қайд этди.
Бундан ташқари, кузатувчиларнинг асосий қисми илгари метро ва автобусларда ҳам китоб ўқилиши, ҳозир эса нафақат уйда, балки овқатланганда, йўлда юрганда, чорраҳада, ишхонада, хуллас, аксарият ҳолларда энг кўп вақтимиз телефонга тикилиш билан ўтаётгани, айниқса, ёшлар телефондан бўшамаслигини кам китоб ўқилишининг асосий сабаби сифатида айтишди.
Сўровнома натижасидан кўриш мумкинки, жамиятда китоб ўқишга бўлган қизиқиш сақланиб қолган. Бироқ кўпчилик вақтини телефон, интернет ёки бошқа технология ва юмушларга сарфлаётгани ёмон. Бу китоб ўқиш маданиятини шакллантириш зарурлиги, қулай муҳит яратиш ва оммавий тарғибот ишларини кучайтириш, шунингдек, мутолаа фақат шахсий истак эмас, балки муҳит ва ҳаёт тарзига боғлиқ эканини англатади.
Китобхонликни ривожлантиришга берилаётган эътибор натижа беряпти(ми)?
Маълумотларга кўра, энг тараққий этган мамлакатлар эмас, сўнгги йилларда тез ривожланаётган давлатлар аҳолиси кўпроқ китоб ўқир экан. Хусусан, ҳиндистонликлар фақат қўшиқ куйлайди ёки кино кўради, десак адашамиз. Улар дунёда энг кўп китоб ўқийдиган халқ. Ҳиндлар ҳафтасига 10,7 соат вақтини китоб ўқишга сарфлайди. Умуман, энг кўп китоб ўқийдиган давлатлар ўнталигига эътибор берадиган бўлсак, кейинги ўринларда Таиланд - ҳафтасига 9,4 соат, Хитой - ҳафтасига 8 соат, Филиппин - ҳафтасига 7,6 соат, Миср - 7,5 соат, Чехия - 7,4 соат, Россия - 7,1 соат, Швеция – ҳафтасига 6,9 соат, Франция - 6,9 соат, Венгрия аҳолиси эса ҳафтасига 6,8 соат китоб ўқир экан.
Хўш, юртмизда китобхонлик маданиятни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар қандай самара беряпти?
Ахборот оқимининг тезлашиши ва рақамлашувнинг кенгайиши натижасида китобхонлик маданиятини юксалтириш нафақат ижтимоий, балки маънавий тараққиёт учун ҳам муҳим вазифага айланмоқда. Юртимизда ҳам ушбу йўналишда бир қанча қарорлар, фармонлар ва дастурлар қабул қилиниб, самарали ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган “Ёш китобхон” танлови орқали китоб ўқиётган ёшлар сезиларли ошди. Ёшлар ишлари агентлиги маълумотларига кўра, 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови орқали қарийб 5 миллионга яқин ёшлар қамраб олинган. Китоб дўконлари ва кутубхоналарда энг кўп изланаётган китоблар ҳам “Ёш китобхон” танловида эълон қилинган 140 номдаги адабиётлар экан. Бу ўз ўрнида китоб бозорида талаб ва таклифнинг ортишига ҳам хизмат қилмоқда.
2017-2024 йилларда 280 нафар ёшлар “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида иштирок этган бўлса, шундан 20 нафари ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси совриндори бўлган. Эътиборлиси, танловда ғолиб бўлган 17 нафар қизнинг 7 нафари кейинчалик Ўзбекистон Президенти томонидан давлат мукофотлари билан тақдирланган. Демак, китоб ёшларнинг кейинги тақдирига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, китоб ўқиб, ота-онасига автомобиль совға қилаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Мисол учун, ўтган йил ушбу танловнинг республика босқичида 10-14 ёш тоифасида қирқдан ортиқ бадиий-оммабоп китобларни ўқиган Жомбой туманидаги 12-умумтаълим мактаби ўқувчиси Наргиза Муҳаммадиева биринчи ўринни эгаллади. Унга Президент совғаси – “Cobalt” автомашинаси совға қилинди.
Албатта, китобхонликни тарғиб қилиш ишлари шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Давлат дастурлари, маҳаллий ва халқаро лойиҳалар орқали китобга бўлган қизиқишни ошириш, ёш авлодни маънавий жиҳатдан бойитиш учун кенг кўламли ишлар давом этмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсадларидан бири ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш вазифаси сифатида белгилангани ҳам ушбу масалага жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Ёшлар китоб ўқияпти, сиз ҳам ўқинг
Бугун ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши камайгандек туюлса-да, аслида улар турли хил форматларда ва платформаларда китоб ўқияпти. Ёшларнинг китоб ўқишга қизиқиши камайганини таъкидлашдан олдин, уларнинг китоб ўқиш учун имкониятларини ва китоб ўқишга одатланмасликка нима сабаб бўлаётганини эътиборга олиш лозим. Бу ҳақда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Суюн Каримовнинг мулоҳазаларини келтирамиз.
- “Ёшлар китоб ўқимай қўйди”. Кейинги пайтда бу гапни мунтазам китоб мутолаа қиладиганлар ҳам, ўқимайдиганлар ҳам айтадиган бўлди, - дейди С.Каримов. - Тўғри, халқимиз маънавияти учун куйиниб гапирадиганлар бор. Аммо мен бу гапга қўшилмайман. Албатта, ёшлар доим китоб ўқияпти, дейишдан йироқман, лекин улар китоб ўқимай қўйгани йўқ, ўқияпти. Электрон китоблар, аудиокитоблар ва онлайн платформалар ёшлар учун китоб ўқишни осонлаштиряпти. Ёшларни кўряпмиз, халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўляпти, хориждаги нуфузли университетларда таҳсил оляпти, ихтиролар қиляпти, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтаряпти, давлат мукофотларига сазовор бўляпти. Агар ёшлар китоб ўқимаётган бўлса, бундай натижаларга қандай эришяпти? Балки кимнингдир фарзанди китоб ўқимаётгандир ёки тарбияси “бузилиб” тўғри йўлдан адашгандир, лекин ҳамманинг ҳам эмас. Бунинг сабаби битта - оиладаги муҳит ва ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги эътиборсизлиги.
Дейлик, бир оилада 4 фарзанд туғилиб, вояга етди. Уларнинг ҳаммасини ҳам китобга, илмга қизиқтириш мушкул. Биттаси спортчи бўлишни хоҳласа, бошқаси уста, шифокорликни танлайди. Албатта, бу жараёнда бола, аввало, ота-онасидан кейин ён-атрофидагилардан ўрнак олиб, ўрганганларини амалиётда қўллайди. Ўшанда биз, ота-оналар ҳар бир ишнинг самарали ва натижадор бўлиши учун фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз, уларда ижобий таассурот қолдириб, маърифатга ундашимиз керак бўлади.
Масаланинг иккинчи томонини ҳам бор. Баъзилар «Ёшлар китоб ўқимай қўйди”, деб кўпинча бадиий адабиётни назарда тутади. Бадиий адабиёт ҳам ахборот манбаи. Айни пайтда, инсонга бадиий-эстетик завқ бағишловчи, руҳиятига ижобий таъсир ўтказувчи ноёб манба. Интернет тармоқларида медиа оламнинг ахборот таъминоти ғоятда кучайиб кетган, бутун инсоният ундан фойдаланишни афзал деб билаётган бир пайтда ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш осон иш эмас. Фақат тарғибот-ташвиқот билан бу муддаога эришиб ҳам бўлмайди. Бадиий китоб ўқиш кўнгил иши, ёш қалбни тарбиялаш эса аввало ота-онанинг, кейин эса устозлар ва жамиятнинг зиммасида бўлади. Шундай экан, ўзгаришни ҳар биримиз ўзимиздан бошлайлик.
“Тирик китоб” нега танқидга учради? Ёхуд маънавиятли инсонларга эргашиш керак
Ахборот технологиялари ривожланиб, электрон қурилмалар ҳаётимизнинг асосий ажралмас қисмига айланиб қолди ва китоб мутолаасига жуда кам вақт ажратадиган бўлдик. Аммо шундай инсонлар борки, улар китобнинг қадрини эслатиб, жамиятни маърифатга чорламоқда. Улардан бири ижтимоий тармоқларда “Тирик китоб” номи билан машҳур бўлган китоб сотувчиси Хайрулла Асадов. У китобга даъват этувчи чиқишлари, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ва маънавият ҳақидаги нутқлари орқали минглаб инсонларни, айниқса, ёшларни кўпроқ китоб ўқишга ундамоқда.
Бироқ у ҳам ҳар бир оммавий шахс сингари танқидларга дуч келди. Албатта, танқидлар табиий ҳол, айниқса, жамоатчилик диққат марказида бўлган инсон учун. Хайрулла Асадов китобга бўлган муҳаббатни кенг оммага етказишда замонавий, халқона ва таъсирли усулларни қўлламоқда. У олим эмас, маърифат йўлида фидойилик қилувчи шахс. Кўпчилик унинг қарашларида илмий ёндашув ва исботлар йўқлигини таъкидламоқда. Бу бир томондан тўғри. Лекин у ўз ҳаёт тажрибаси ва ўқиган китоблари орқали хулоса чиқаряпти, мисоллар келтиряпти. Бу амалиётга асосланган, халққа яқин услуб.
Ижтимоий тармоқларда китоб сотувчиси машҳур бўлиш билан бирга, китобни эмас, ўзини ва фаолиятини тарғиб қилаётгани ҳақида ҳам танқидий фикрлар билдирилди. Бугунги ахборот технологиялари асрида рақамли тўлқинда ажралиб туриш учун ҳар қандай шахснинг аудиторияга мос визуал ва муҳокамабоп форматда чиқиши талаб этилади. Чунки бу замон талаби. Шунингдек, Хайрулла Асадовнинг шахси китобга бўлган садоқат билан танилган. Агар шахс орқали китобга муҳаббат уйғонса, бу маърифат улашишда энг самарали усул.”Тирик китоб” ўзини эмас, шахсий намунаси орқали китобни ҳаёт тарзи сифатида ҳамда китобларни шунчаки ўқиш эмас, балки ўқилган ғояларни ҳаётда татбиқ қилишни тарғиб қилмоқда.
Албатта, танқидлар ривожланиш ва холислик учун керак. Бироқ китоб ўқиш, уни тарғиб қилиш, жамиятни маърифатга етакловчи, илмли инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга эргашиш ва тўғри хулоса чиқариш керак. Зеро, китоб инсон онгини уйғотади, маънавий дунёсига нур олиб киради.
Фазлиддин Рўзибоев.