Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан Рамазон ойидаги Хатми Қуръон тадбирларида иштирок этадиган қориларни суҳбатдан ўтказиш анъанаси йўлга қўйилган.
Анъанани давом эттирган ҳолда 2025 йилги Рамазон ойида Республикамиздаги Хатми Қуръон тадбирларида иштирок этадиган қориларни саралаш учун барча вилоят вакилликларида суҳбатлар ташкил қилинмоқда.
Жумладан, бугун “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасининг Мажлислар залида Тошкент шаҳри масжидларида хатмга ўтадиган қорилар суҳбатдан ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум бошчилигидаги устозлар мазкур қориларнинг тайёргарлигини текшириб, уларга керакли тавсияларни берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Фарзандим даволаниш учун хорижга кетган эди. Мен агар болам тузалиб келса, тилла тақинчоқларимни садақа қиламан, деб назр қилган эдим. Алҳамдулиллаҳ, тузалиб келди. Садақа қиламан, деб турсам, қайнонам, тақинчоқларингиз тоза тилладан, уни менга сотинг ва пулини садақа қилаверасиз, деб талаб қилмоқда. Нима қилсам, тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазҳабимизда закот, фитр садақаси, ушр ва назр каби вожиб садақаларда, уларнинг қийматини бериш мумкин. Шу боис сиз ҳам тиллангизнинг ўзини ёки сотиб, пулини садақа қилсангиз ҳам бўлади. Фақат сотишда, бозордаги нархи эътиборга олинади. Ундан кам нархга сотиш мумкин эмас.
Кам нархга сотсангиз, тафовутини ўзингиздан қўшиб садақа қилишингиз лозим бўлади. Масалан, тилла тақинчоқларингиз нархи назрни адо қилиш кунларида бозорда 10 миллион сўм бўлса, лекин танишим ёки яқин инсоним деб, 8 миллионга сотсангиз, ёнига 2 миллион қўшиб, садақа қиласиз ва шу билан назрингиздан қутиласиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази