Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2025   |   29 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
25 Июн, 2025, 29 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Ким бу ишни қилса, нури ўчиб қолади

18.02.2025   6926   3 min.
Ким бу ишни қилса, нури ўчиб қолади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ الزُّرَقِيِّ، أَنَّ أَبَاهُ أَخْبَرَهُ قَالَ: كُنْتُ جَالِسًا فِي مَسْجِدِ الْمَدِينَةِ مَعَ عَمْرِو بْنِ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ، فَمَرَّ بِنَا عَبْدُ اللهِ بْنِ سَلَامٍ مُتَّكِئًا عَلَى ابْنِ أَخِيهِ، فَبَعُدَ عَنِ الْمَجْلِسِ ثُمَّ عَطَفَ، فَرَجَعَ إِلَيْهِمْ فَقَالَ: مَاشِئْتَ عَمْرَو بْنَ عُثْمَانَ؟ - مَرَّتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا - فَوَالَّذِي بَعَثَ مُحَمَّدًا بِالْحَقِّ إِنَّ لَفِي كِتَابِ اللهِ - أَوْ قَالَ: فِي بَعْضِ كُتُبِ اللهِ أَوْ نَحْوِهِ، قَالَ الْحُسَيْنُ: أَنَا أَشُكُّ - لَا تَقْطَعْ مَنْ كَانَ يَصِلُ أَبَاكَ فَيَطْفَأَ بِذَلِكَ نُورُكَ.

Саъд ибн Убода Зуроқий отасидан ривоят қилади:

«Мадинанинг масжидида Амр ибн Усмон ибн Аффон билан ўтирган эдим. Абдуллоҳ ибн Салом жиянига суяниб ўтиб қолди. Мажлисдан бир оз узоқлашди-да, кейин бурилди. Уларнинг олдига қайтиб келиб, Амр ибн Усмонга: «Нима демоқчисан?» деб икки-уч марта айтди. (Кейин шундай деди):

«Муҳаммадни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, Аллоҳнинг Китобида – ёки «Аллоҳнинг китобларидан баъзисида», ёки шунга ўхшаш гап айтди. Ҳусайн: «Менинг эсимдан чиқиб қолди», деган – отангга алоқаси бор одамдан ҳеч алоқангни узмагин. Яна ўша ила нуринг ўчиб қолмасин», дейилган».

Шарҳ: Демак, ота вафот этиб кетса-ю, отанинг дўстлари, яхши кўрган кишилари, эҳтиром қилиб юрган одамлари бўлса, улардан алоқани узмаслик лозим. Улар билан яхши бир муомалада бўлиб, қўлидан келган яхшилигини қилиб, дуоларини олиш, отасига кўрсатадиган ҳурмат-эҳтиромни уларга кўрсатиб юриш керак.

Отам ўлди, деб унинг дўстларини унутиб юборган кишининг нури ўчиб қолар экан. Бу ниҳоятда оғир бир мусибат бўлар экан.

عَنْ عِكْرِمَةَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ الْحَارِثِ بْنِ هِشَامٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «وُدُّكَ وُدُّ أَبِيكَ، لَا تَقْطَعْ مَنْ كَانَ يَصِلُهُ أَبُوكَ فَيَطْفَأَ بِذَلِكَ نُورُكَ».

Икрима ибн Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отангнинг дўсти сенинг дўстингдир. Отанг алоқа қилган шахсдан алоқангни узма, яна нуринг ўчиб қолмасин», дедилар».

Шарҳ: Яъни «Отангнинг дўсти сен ҳам дўст тутишинг керак бўлган кишидир. Отанг билан алоқада бўлган кишидан алоқангни узмагин. Мабодо алоқани узадиган бўлсанг, нуринг ўчиб қолади».

Демак, фарзанд отага қилаётган яхшилигини унинг вафотидан кейин ҳам давом эттирай деган ниятда бўлса, ота-онасига дўст-дугона бўлган кишиларнинг ҳурматини қилиб, уларни отасининг ўрнида кўрса, ота-онасининг ортидан яхшилик қилганнинг ўрнига ўтар экан.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Хато – банданики

24.06.2025   10304   1 min.
Хато – банданики

Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди: 
 

– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...


Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.


Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:

– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.


Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.


Имом унга деди:

– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?


Йигит жавоб берди:

– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.


Имом деди:

– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...


Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди. 


Акбаршоҳ РАСУЛОВ