Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июн, 2025   |   28 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
24 Июн, 2025, 28 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Абу Ҳанифанинг сўзлари - устун

18.02.2025   8694   5 min.
Абу Ҳанифанинг сўзлари - устун

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз замонларида ўзлари ишлаб чиққан танзир қоидаларига кўра: «Музораъа савдоси жоиз эмас», деб фатво берганлар. Музораъа – шерикчилик асосида ҳосилнинг учдан бири ёки тўртдан бирини бериш эвазига ерни топшириш. Бундан қайтарилгани ҳақида Пайғамбар алайҳиссаломдан очиқ ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган. Абу Ҳанифа шулардан далилланиб айтганлар. Лекин кейинчалик жамиятда музораъа муомаласи кенг ёйилди, чунки унга эҳтиёж пайдо бўлди. Натижада, гарчи Абу Ҳанифани қўллаб-қувватловчи кўплаб далиллар бор бўлса ҳам, биз у кишининг сўзларини тарк қилдик ва икки шогирднинг бунга ижозат берган фатволарини олиб, музораъа ва мусоқот келишувларига рухсат бердик.

Бунда уламолар Абу Ҳанифанинг далилини заиф билиб, у зотнинг сўзларини шунинг учун тарк қилишмаган. У зотнинг сўзини тарк қилишимизга сабаб бошқа нарса – мазкур татбиқ усуллари, қоидаларидир. Улар усулут-татбиқ дейилади. Демак, Абу Ҳанифанинг далиллари заиф эмас, балки татбиқ масаласи сабабли биз у кишининг гапларидан бошқа гапга фатво берганмиз. Масалан, орамизда «Ихтиёр» китобини ўқиганлар бўлса, бир неча ўринларда муаллиф аввал бир масалага Абу Ҳанифанинг кўплаб далилларини келтириб, гапларини Қуръон, Суннат ва қиёс жиҳатидан қўллаб, сўнг «Урф сабабли фатво имом Муҳаммаднинг сўзларига берилади», «Зарурат сабабли икки шогирднинг гапига фатво берилади», деган ўринларга гувоҳ бўлади. Ёки замон ўзгариши, бирор муаммо ёки эҳтиёжнинг ўта оммалашиб кетиши каби бошқа сабаблар туфайли шогирдларнинг сўзига фатво берилади.

Шулардан кўриниб турибдики, танзир масаласи ва татбиқ масаласи бошқа-бошқа нарсалар экан. Бошқа ривоятга кўра, фатво бериш мазҳаббошининг далили заиф бўлгани учун эмас, балки муфтийнинг замонни тушунишдаги, қоидаларни татбиқ этишдаги йўли экан.

Тушунарлироқ бўлиши учун бошқа бир машҳур масалани айтиб ўтаман. Бир киши бедарак бўлиб кетди, уйида аёли қолган эди. Буни «мафқуд» масаласи деймиз. Мазҳабимизга кўра, то ўша киши тенги одамлар вафот этмагунича уни ўлди деб ҳукм чиқара олмаймиз. Масалан, бир аёл йигирма ёшида турмушга чиқди. Эри тўсатдан ғойиб бўлиб, йўқолиб қолди. Энди уни эридан ажратишимиз учун 50 йил кутиш керак. Шундан кейин унга ажрашди, деб ҳукм берилади ва идда ўтиради. Бу масалада Расулуллоҳ алайҳиссаломдан заиф ривоятлар бор, Алий, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳулардан бир қанча асарларда шундай дейилади. Қиёсга кўра ҳам шундай бўлиши керак. Лекин амал ва татбиқ қилиш жиҳатига келсак, бу масалада имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига фатво берилганини кўрамиз: эр йўқолганидан 4 йил ўтгач, аёл эрнинг никоҳидан чиқарилади, яъни ундан ажрашади. Бу ҳукм ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг сўзларидир.

Хўш, бу ерда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини заиф бўлгани учун тарк қилдикми? Йўқ! Биз татбиқ қилиш жиҳатидан Абу Ҳанифанинг сўзидан енгилроқ сўз топганимиз учун иккинчи қавл билан ҳукм чиқардик. Бу иккинчи қавл ҳам мутлақ мужтаҳиднинг қавли. Тушунтириш учун айтаман: «Абу Ҳанифанинг сўзлари рожиҳ, яъни устун», деймиз. Далил жиҳатидан бирорта сўзни у кишининг сўзларидан муқаддам қўймаймиз. Кейинги баҳсларда бу масалани батафсил кўриб чиқамиз. Далил жиҳатидан Абу Юсуфнинг сўзларини ҳам, Муҳаммаднинг сўзларини ҳам у кишининг сўзларидан муқаддам қўймаймиз, лекин амалга татбиқ қилиш жиҳатидан юздан эллик фоиз масалада Абу Ҳанифанинг қавлларидан бошқа қавлга фатво беряпмиз.

Хуллас, Абу Ҳанифанинг қавллари энг устуни, чунки у зот энг қадри баланд мужтаҳиддирлар. Лекин муфтий риоя қилиши лозим бўлган зарурат, енгиллик қилиш, машаққатни кетказиш, замоннинг ўзгариши, бирор муаммо ёки эҳтиёжнинг ўта оммалашиб кетиши каби татбиқ қилиш қоидаларига келсак, буларнинг барчаси Қуръон ва Суннатда собитдир. Ушбу зарурат, енгиллик қилиш, машаққатни кетказиш, замоннинг ўзгариши, бирор муаммо ёки эҳтиёжнинг ўта оммалашиб кетиши каби омилларга қатъий далиллар бор. Агар шулардан бир қанчаси Абу Юсуф ёки Шофеъийнинг далили билан жамланса, мана шу қавл рожиҳ деб эътиборга олиниб, Абу Ҳанифанинг қавлларидан муқаддам қўйилади. Бу тариқа баён қилишимиз ўзимизнинг катта имомимизга – имоми Аъзамга нисбатан таъзим ва эҳтиром бўлади. Лекин бироз олдин айтганимиздек, ихтилофлар ва зарурат, енгиллик, замоннинг ўзгариши каби омилларни қўллаб-қувватлаган далиллар бор бўлса, у зотнинг сўзларидан бошқасини мазҳаб тутамиз ва унга амал қиламиз.

Айтилган бу гаплардан оладиган катта хулосамиз шуки, ҳеч бир масалада Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг бирор далилларини ўша далил заиф бўлгани учун тарк қилмаган эканмиз. Балки, фатво берувчи учун ишлаб чиқилган йўллар – зарурат, енгиллик қилиш, машаққатни кетказиш, замоннинг ўзгариши, бирор муаммо ёки эҳтиёжнинг ўта оммалашиб кетиши каби омиллар сабабли айрим далилларини тарк қилганмиз.

Мана шулар билан фиқҳ илмининг асослари мукаммал бўлади. Айнан биз айтган сабаблар туфайли эҳтиёжга қараб бошқа қавлларни, бошқа мазҳабларнинг далилларини оламиз.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Намозда қўл кўтариш

24.06.2025   191   1 min.
Намозда қўл кўтариш

Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва "такбири таҳрима" айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.

Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган:

Воил ибн Ҳужр розияллоху анҳу: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим", дедилар (Имом Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоху анҳу ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар" (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).

Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган "қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.

Уйчи туман "Хизиробод" жоме масжиди

имом-хатиби Шерзод Раҳимов

Манба: t.me/softalimotlar

МАҚОЛА