Бугун, 19 февраль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модул таълим тизими асосида таълим олаётган бир гуруҳ талабалар пойтахтимиздаги «Шайх Зайниддин» жоме масжидига ташриф буюрди.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов талабалар билан учрашиб, уларга илмнинг фазилатлари, бугунги имом қандай бўлиши керак каби мавзуларда маъруза қилди.
Дарҳақиқат, имомлик шарафли, айни пайтда масъулиятли бурчдир. Зеро, ҳадиси шарифда: «Имом зомин (зиммасига олувчи), муаззин омонатдордир. Аллоҳим, имомларни тўғри йўлга бошлагин ва муаззинларни мағфират қилгин», (Имом Абу Довуд ривояти), дейилган.
Маърузани жон қулоғи билан тинглаб, бундай учрашувларни ташкил этган институт маъмуриятига ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатибига талабалар ташаккур билдиришди.
Абдуқаҳҳор домла ёшларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтардилар.
Талабаларга "Мавлиди шариф" китоби ҳадя этилди.
* * *
Тадбирдан сўнг талабалар «Шайх Зайниддин» қабристонига дафн этилган марҳум устозларнинг қабрларини зиёрат қилиб, Қуръони карим оятларидан тиловат қилдилар.
Хайрли дуолар билан ташриф ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Савол: Фарзандим даволаниш учун хорижга кетган эди. Мен агар болам тузалиб келса, тилла тақинчоқларимни садақа қиламан, деб назр қилган эдим. Алҳамдулиллаҳ, тузалиб келди. Садақа қиламан, деб турсам, қайнонам, тақинчоқларингиз тоза тилладан, уни менга сотинг ва пулини садақа қилаверасиз, деб талаб қилмоқда. Нима қилсам, тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазҳабимизда закот, фитр садақаси, ушр ва назр каби вожиб садақаларда, уларнинг қийматини бериш мумкин. Шу боис сиз ҳам тиллангизнинг ўзини ёки сотиб, пулини садақа қилсангиз ҳам бўлади. Фақат сотишда, бозордаги нархи эътиборга олинади. Ундан кам нархга сотиш мумкин эмас.
Кам нархга сотсангиз, тафовутини ўзингиздан қўшиб садақа қилишингиз лозим бўлади. Масалан, тилла тақинчоқларингиз нархи назрни адо қилиш кунларида бозорда 10 миллион сўм бўлса, лекин танишим ёки яқин инсоним деб, 8 миллионга сотсангиз, ёнига 2 миллион қўшиб, садақа қиласиз ва шу билан назрингиздан қутиласиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази