Кеча, 19 февраль куни Баҳрайн Подшоҳлиги шафелигида Мусулмон донишмандлар кенгаши ташаббуси билан ушбу давлат пойтахти Манама шаҳрида бошланган халқаро конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этмоқдалар.
Мазкур халқаро конференцияда Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб, Баҳрайн ислом ишлари бўйича олий кенгаш президенти Шайх Абдураҳмон бин Муҳаммад бин Рошид ал-Халифа, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа, Миср муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд, Дорул улум Карачи Ислом университети профессори Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхул-ислом Аллоҳшукур Пошозода, Россия марказий диний идораси раиси, муфтий Шайх Талъат Тожиддин каби таниқли уламолар, давлатлар муфтийлари, дин ва давлат арбоблари қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар бугунги мураккаб ва таҳликали даврда бутун дунёда тинчлик-осойишликни қарор топтириш, мусулмон уммати бирлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ва турфа миллат-элатлари аҳил-иноқлигига эришиш жуда ҳам муҳим экани, исломофобия хатти-ҳаракатларининг олдини олиш каби ўта муҳим масалаларни таъкидладилар. Шунингдек, ҳозирги кунда мусулмон уммати олдида турган долзарб муаммолар, келгусидаги истиқболли режалар тўғрисида фикр алмашдилар.
Конференция эртага, 20 февраль куни ҳам давом этади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, Мусулмон донишмандлар кенгаши мустақил халқаро ташкилот бўлиб, 2014 йилда Бирлашган Aраб Aмирликларининг Aбу Даби шаҳрида ташкил топган. Кенгашга Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Шайх Аҳмад Тоййиб раислик қилади. Муҳаммад Абдуссалом эса унинг бош котиби ҳисобланади.
Ташкилотнинг асосий мақсади мусулмон оламида тинчликни тарғиб қилиш, низоларни биргаликда ҳал этиш, бағрикенгликни таъминлаш, бошқаларга ҳурмат сақлайдиган фаровон жамият барпо этишдир.
Кенгаш аъзолигига ўзининг серқирра фаолияти билан обрў-эътиборга эришган дунёнинг энг нуфузли мусулмон олимлари жалб қилинади. Ана шу уламолар қаторида Марказий Осиё минтақасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам аъзо қилинган эдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Алҳамдулиллаҳ, биз мўмин-мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишга буюрилганмиз. Агар бир марта салавот айтсак, бизга Аллоҳ ўн марта раҳмат йўллайди, ўнта гуноҳимиз ўчирилади, мартабамиз ўн даража ортади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта раҳмат йўллайди. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади, мартабаси ўн даража кўтарилади” (Имом Аҳмад ривояти). Манбаларда қисқа салавот сифатида қуйидаги салавот берилади:
اَللَّهُمَّ صل وَسَلِّمْ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّد
Алло́ҳумма солли васаллим ала́ набиййина́ Муҳаммад
Маъноси: “Эй, Аллоҳ! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга раҳмат ва салом йўллагин!”
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими