Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2025   |   29 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
25 Июн, 2025, 29 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

"Икковларига қанотингни пастлат" нима дегани?

24.02.2025   6485   2 min.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنْ أَبِيهِ، فِي قَوْلِ اللهِ تَعَالَى: ﮋﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘﮊ، قَالَ: لَا تَمْتَنِعْ مِنْ شَيْءٍ أَرَادَاهُ.

Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади:

«Аллоҳ таолонинг «Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат», деган қавли ҳақида: «Иккови ирода қилган бирор нарсадан бош тортма», деди».

Шарҳ: Яъни ота-онанг сендан хоҳлаган ҳеч бир нарсадан бош тортмагин. Нимани хоҳласалар, «Хўп», деб қилиб бергин. Фақат бу ерда олдинги қоида, яъни Аллоҳга маъсият иш бўлмаслиги шарт қилинади.

Аллоҳ таолонинг Исро сурасидаги «Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат» (24-оят) деган қавлидан мана шу маъно келиб чиқар экан.

Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У ўз раҳматини хокисорлик ила ота-онасига пастлатиб, пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб дуо қилиб туриши лозим.

Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар дунё тарихида бу борада мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар эканлиги маълум ва машҳурдир.

عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ قَالَ: قَالَ لِي أَبِي: هَلْ تَدْرِي مَا قَوْلُهُ: ﮋﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘﮊ؟ أَنْ لَا تَمْتَنِعَ مِنْ شَيْءٍ أَرَادَاهُ.

Ҳишом ибн Урвадан ривоят қилинади:

«Отам менга: «У Зот таолонинг «Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат» деган қавли нима эканини биласанми? «Икковлари ирода қилган бирор нарсадан бош тортма», деди».

Шарҳ: Бу ривоят ҳам ўзидан олдинги ривоятга жуда ўхшаш бўлишига қарамай, биз ундан аввалгисида йўқ маънони чиқариб оламиз. Бу ривоятда насиҳатни ота ўз боласига қилмоқда. Ҳа, оталар болаларини тарбия қилишда Қуръони Карим оятларини англатишлари, ота-онани ҳурматлаш ҳақида ўгитлар беришлари олдин ўтган азизларимизнинг тутган йўллари бўлган. Биз бу борада ҳам улардан ўрнак олишимиз лозим.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бухоролик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳи кутиб олинди

24.06.2025   3253   1 min.
Бухоролик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳи кутиб олинди

Ҳаж амалларини адо этган бухороликларнинг дастлабки гуруҳи Она Ватанимизга эсон-омон етиб келди. Ҳожиларни Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси Бухоро вилояти вакиллари, вилоят Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари кутиб олди.
 

Ҳожилар ўзлари учун ажратилган махсус автобусларда “Файзобод” масжиди томон йўл олди ва катта хурсандчилик билан кутиб олинди. 

 

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири.

Бухоролик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳи кутиб олинди Бухоролик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳи кутиб олинди
Ўзбекистон янгиликлари