Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рамазон остонасидаги дуоларимиз
Аллоҳим, муборак Рамазон ойи ташрифини барча мусулмонларга хайр ва барака ташрифи этгин!
Аллоҳим, бизнинг рўзаларимизни, намозларимизни, қиёмларимизни қабул айла ва гуноҳларимизни мағфират этгин! Албатта Сен Ғафур ва Роҳийм Зотсан!
اللهم إنا نسألك أن تبلغنا شهر رمضان المبارك لا فاقدين ولا مفقودين ونحن في راحة بال ونتمتع بصح وعافية، وأن تجعل هذا الشهر المبارك نهاية المعاصي التي قد ارتكبناها وأعنا على أن نعبدك في هذا الشهر عبادة ترضيك وترضينا
Аллоҳим, бизни муборак Рамазон ойига (яхшиликларини) йўқотмаган ва (ғанимат фурсатларини) ўтказиб юбормаганлар қаторида роҳат, хотиржамлик, саломатлик ва офият ила (бу ойдан) баҳраманд бўладиган ҳолда етказгин.
Бу ойни биз учун шўнғиб кетганимиз гуноҳ-маъсиятларнинг якун топиши қилгин ва Ўзинг биздан рози бўладиган ва бизни ҳам рози қиладиган ибодатларни адо этишимизда ёрдам бергин!
يارب العباد إنا ندعوك أن تغفر لنا ذنوبنا وأن تجعل شهر رمضان المبارك بداية لنا لكل خير وأن ترزقنا فيه البركة والرزق الواسع وأن تعتق رقابنا ورقاب من نحب فيه من النار
Эй бандаларнинг Роббиси, биз Сендан ушбу муборак ойда бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилишингни ва бу ойни бизга барча яхшиликларнинг бошланиши этишингни ва бу ойда барака, кенг ризқ ила ризқлантиришингни, бўйинларимизни ва биз севганларнинг бўйинларини дўзахдан озод этишингни сўраймиз!
اللهم إنا نسألك أن تجعل شهر رمضان المعظم شهر تملأ فية الفرحة قلوبنا وتفرج فيه كروبنا وأن ترزقنا فيه الخير كله
Аллоҳим, ушбу муаззам Рамазон ойини қалбларимизни шодлик ва қувончга тўлдирадиган, ғам-ташвишларимизни кетказадиган ой этишингни ва ушбу ойда барча хайр, яхшиликларни насиб этишингни сўраймиз!
اللهم إنا نسألك أن تبلغنا صلاة التراويح ودعوات المصلين وختم كتابك، اللهم إنا نسألك أن تبلغنا نحن ومن نحب شهر رمضان المبارك وأن ترزقنا فيه الخير والسعادة وأن تتقبل منا صلاتنا وصيامنا وان تعتق رقابنا من النار
Аллоҳим, бизни Китобинг хатмига, намозхонларнинг дуоларига ва таровеҳ намозларига етказишингни сўраймиз!
Аллоҳим, бизни ва бизнинг суйганларимиз, яқинларимизни муборак Рамазон ойига етказишингни ва у ойдаги хайр ва саодат ила ризқлантиришингни ва биздан намозларимизни, рўзаларимизни қабул этмоғингни ва бизга дўзахдан нажот бермоғингни сўраймиз!
Яқинлашаётган Рамазони шариф барчамизга муборак бўлсин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен агар у айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан. У “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм”дир», дедилар. Бас, у: «Менда жиннилик бор деб ўйлайсанми?» деди» (Тўртовлари ривоят қилишган).
Ғазаби чиқишининг олдини олиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб юрмоғи лозим. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: “Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ёнбошласин”, дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган.
Имом Абу Довуд Абу Воил Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб, унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб, таҳорат қилди. Сўнгра: “Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди”, деб қуйидагиларни айтди: Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш чоралар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворликдир. Ғазаби чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У Зот ҳар бир нарсани кўриб-билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиши шубҳасизлигини ёдга олиши зарур.
Шунингдек, ғазабни ишга солиб ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, ғазабини ютиб ортга қайтса, қандай савоблар олишини ўйлаши лозим.
“Руҳий тарбия” китоби асосида тайёрланди