Шу йилнинг 22-23 февраль кунлари Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Тошкент шаҳри, вилоят вакилликлари бошчилигида 2 119 та масжидда тозалаш ва ободонлаштириш ишлари ташкил этилди.
Хонақоҳлар, таҳоратхона ва қўшимча биноларда тозалаш ишлари олиб борилиб, мўмин-мусулмонлар ибодат қилишлари учун яхши шароитлар ҳозирланди. Рамазон ойи давомида масжидларни тоза ва шинам сақлаш, овоз кучайтиргичларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш чоралари кўрилди.
Мутасадди ташкилотлар ва ёнғин хавфсизлиги идоралари билан ҳамкорликда Рамазон тадбирларини ўтказиш учун масжид биноларининг техник ҳолатлари ўрганилиб, фавқулодда ҳолатлар бўлиб қолган тақдирда фуқароларни кўчириш режаси, электр, газ жиҳозлари созлиги ва бошқа жиҳатлардан ўрганилди.
Ҳашар давомида масжид, зиёратгоҳ ва қабристонлар чиқиндилардан тозаланди, экин ерларига ишлов берилди, дарахтлар буталиб, таглари оқланди, ариқлар тозаланди. Манзарали, мевали дарахт ҳамда гул кўчатлари ўтказилди.
Жумладан, 43 000 тупга яқин гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар экилди, улар атрофидаги 31 минг 700 метр ариқлар тозаланди. 21 минг 290 туп дарахт оқланиб, шакл берилди. Бу ишларга 530 та техника жалб қилинди. Ободонлаштириш ишларида имом-хатиблар бошчилигида масжид ходимлари, ҳайъат аъзолари ва намозхонлардан жами 20 мингдан зиёд киши фаол иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Дунёда шундай ишлар борки, Аллоҳ таолога суюкли бўлади. Улардан бири кўнгилни шод этиш ҳисобланади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таолога фарз ибодатлардан кейин энг мақбул иш – мусулмон кишининг кўнглига сурур (хурсандчилик) етказишдир”.
Дарҳақиқат, ўзга кишининг кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш хайрли амаллардандир. Ҳазрати Алишер Навоий:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дея бежиз айтмаган.
Мусулмоннинг кўнглига озор бериш эса, хунук ишлардандир. Бу ҳақда халқимизда: “Дилозордан Худо безор”, деган нақл бор.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгаларга озор беришдан сақлаб, Аллоҳ таолога суюкли бўлган ишларни қилишга муваффақ айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими