Шу йилнинг 22-23 февраль кунлари Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Тошкент шаҳри, вилоят вакилликлари бошчилигида 2 119 та масжидда тозалаш ва ободонлаштириш ишлари ташкил этилди.
Хонақоҳлар, таҳоратхона ва қўшимча биноларда тозалаш ишлари олиб борилиб, мўмин-мусулмонлар ибодат қилишлари учун яхши шароитлар ҳозирланди. Рамазон ойи давомида масжидларни тоза ва шинам сақлаш, овоз кучайтиргичларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш чоралари кўрилди.
Мутасадди ташкилотлар ва ёнғин хавфсизлиги идоралари билан ҳамкорликда Рамазон тадбирларини ўтказиш учун масжид биноларининг техник ҳолатлари ўрганилиб, фавқулодда ҳолатлар бўлиб қолган тақдирда фуқароларни кўчириш режаси, электр, газ жиҳозлари созлиги ва бошқа жиҳатлардан ўрганилди.
Ҳашар давомида масжид, зиёратгоҳ ва қабристонлар чиқиндилардан тозаланди, экин ерларига ишлов берилди, дарахтлар буталиб, таглари оқланди, ариқлар тозаланди. Манзарали, мевали дарахт ҳамда гул кўчатлари ўтказилди.
Жумладан, 43 000 тупга яқин гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар экилди, улар атрофидаги 31 минг 700 метр ариқлар тозаланди. 21 минг 290 туп дарахт оқланиб, шакл берилди. Бу ишларга 530 та техника жалб қилинди. Ободонлаштириш ишларида имом-хатиблар бошчилигида масжид ходимлари, ҳайъат аъзолари ва намозхонлардан жами 20 мингдан зиёд киши фаол иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Андижон вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Шоирахон ҳожи онанинг умр йўлдошлари Одилжон отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Шоирахон ҳожи онага, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz