Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2025   |   18 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:00
Қуёш
05:29
Пешин
12:33
Аср
17:23
Шом
19:30
Хуфтон
20:52
Bismillah
12 Август, 2025, 18 Сафар, 1447

Нега имомга иқтидо қилган Қуръон тиловат қилмайди?

25.02.2025   6938   7 min.
Нега имомга иқтидо қилган Қуръон тиловат қилмайди?

“Қуръон тиловат қилинганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз” (Аъроф сураси, 204-оят).

Имом жаҳрий ўқиганида ҳам, махфий ўқиганида ҳам муқтадий қироат қилмаслигига далил Пайғамбаримизнинг: “Ўзимга-ўзим нимага Қуръонда тортишяпман дедим-а (шу сабабли экан-да)”, деган сўзларидир.

Юқоридагилардан, муқтадий овоз чиқариб қироат қилмаслиги маълум бўлади. Шундай экан, Пайғамбаримизнинг “тортишяпман” деган сўзларини “машғул бўлиб қоляпман” деб таъвил қилиб бўлмайди.

Демак, Расулуллоҳнинг: “Ўзимга ўзим нимага Қуръонда тортишяпман, дедим-а (шу сабабли экан-да)”, деган сўзлари имом жаҳрий қироат қиладими ёки йўқми, муқтадий қироат қилмаслигига очиқ-ойдин ҳужжат, далил бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан имом жаҳрий қироат қилганида ҳам, махфий қироат қилганида ҳам муқтадий қироат қилмаслиги кераклиги тўғрисида ривоятлар бор.

Имрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийлари билан бомдод намозини ўқидилар. Намозларини адо қилиб бўлганларидан сўнг: “Қайси бирингиз (Саббиҳисма Роббикал аъла)ни ўқиди?” дедилар. Одамлардан баъзилари: “Ё Аллоҳнинг расули, мен”, деди. Пайғамбаримиз: “Сизлардан баъзингиз унда диққатимни тортганингизни билдим”, дедилар».

Имрон ибн Ҳусойн: “У зот қироатини махфий қилганлар”, деб баён этади. Бу ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда келган қайтариқ махфий ҳол қолиб, фақат жаҳрий ҳолатга тегишли эмаслигини, балки иқтидо қилувчи барча намозларда имомнинг ортидан қироат қилишдан қайтарилганини билдиради.

Дарҳақиқат, имомнинг ортида қироат қилишдан қайтариқ борасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кўплаб ҳадислар нақл қилинган. Абу Ҳурайра ва Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган мазкур ҳадислар ҳам шулар жумласидандир.

Шунингдек, Абдуллоҳдан ривоят қилинган хабар ҳам бор: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида қироат қилар эдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни менга чигаллаштирдингиз”, дедилар».

“Эҳтимол, улар Қуръони каримни жаҳрий ўқиётган бўлишлари ва шунинг учун қироат қилишдан қайтарилган бўлишлари мумкин-ку?” дейилса, бунга жавобан: “Муқтадийларнинг жаҳрий қироати борасида бирор нақл етиб келмаган. Улар жаҳрий қироат қилган бўлганларида, қироат қилганлари ривоятларда етиб келгани каби жаҳрий ўқиганлари ҳам етиб келган бўлар эди”, дейилади.

Бу ҳадисда фақат жаҳрий қироатдан қайтарилмаган, балки имом ортида ҳар қандай қироат қилишдан қайтарилган. Бунга бошқа далиллар ҳам бор. Абу Воилдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Масъуддан имомнинг ортида қироат қилиш ҳақида сўрадим. У: “Жим тургин. Намозда машғул бўлиш бор. Сенга шу имомнинг ўзи кифоя қилади”, деб жавоб берди».

Абдуллоҳ ибн Шаддоддан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг имоми бўлса, имомнинг қироати унга ҳам қироатдир”, дедилар».

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар ва у кишининг ортида бир киши қироат қил­ди. Саҳобийлардан бири уни намозда қироат қилишдан қайтарди. Натижада улар бу борада тортишиб қолишди. Бу ҳолат Пайғамбаримизга айтилди. Шунда у зот: “Ким имомнинг ортида намоз ўқи­са, имомнинг қироати унинг учун ҳам қироатдир”, дедилар»

Абу Мусо розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагиларни ривоят қилган: “Имом қироат қилса, сизлар жим туринглар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имом эргашиш учун тайинланади. У такбир айтса, такбир айтинглар, қироат қилса, жим туринглар”, дедилар». Бу ва шу каби бошқа ҳадислар ҳам мавжуд.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Уммул Қуръонни ўқимаган кишининг намози намоз бўлмайди”, деган ҳадислари бизнинг наздимизда кка ўзи намоз ўқиган кишига тегишлидир.

Демак, мазкур ҳадиси шариф эҳтимолий маънога эга бўлиб, уни имомнинг ортида қироат қилишдан қайтарилган ҳадиси шарифлар тафсир қи­лади. Улар: “Жаҳрий намозда муқтадий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисига биноан қироат қилмайди. Махфий намозда эса, Убоданинг ҳадисига биноан қироат қилади. Чунки Абу Ҳурайра ва Убода ибн Собитнинг ҳадислари саҳиҳдир”, дейишса, бундай жавоб берилади: “Айни шу ҳолатни якка ўзи намоз ўқиётган кишига тегишли қилсангиз бўлмайдими?

Шунда Убоданинг ҳадиси ҳам, Имрон ибн Ҳусойннинг ҳадиси ҳам саҳиҳлигича қолади. Чунки Имрон ибн Ҳусойннинг ҳадисида махфий намозда муқтадий қироат қилишдан қайтарилган бўлса, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисида жаҳрий намозларда (муқтадий) қироат қилишдан қайтарилган бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисини Убода ривоят қилган умумий маънодаги ҳадисдан чиқариб юборсак, унда ҳадис имом жаҳрий қироат қилганида ҳам, махфий қироат қилганида ҳам муқтадий қироат қилмаслиги кераклигини англатади”.

Уларга яна бундай дейилади: “Намознинг қайсидир фарзи муқтадийга бир ҳолатда соқит бўлиб, бошқа ҳолатда вожиб бўлга­нини кўрганмисиз?”. Улар: “Йўқ”, деб жавоб беришса, бундай дейилади: “Жаҳрий намозда қироатни муқтадийдан соқит қилишингиз сизга махфий намозда қироатни бекор қилишни юкламайди”.

Баъзи саҳобаларимиз бунга яна қуйидаги далилни келтирганлар: “Бир киши имомга рукуда эргашиб, намозни такбир айтиб бошласа-ю, умуман қироат қила олмаса, барча олимлар унинг намози дуруст бўлишига ижмо қилишганлар. Бу ҳолат ҳам муқтадийга қироат фарз эмаслигига далил бўлади”.

Кимдир: “Бу ҳолатда зарурат туфайли унга рухсат берилган”, деса, бундай жавоб берилади: “Бир киши имом саждадалигида намозга келиб қўшилса, гарчи зарурат бўлса-да, унинг бу ракати эътиборга олинмайди. Зарурат бирор фарзни соқит қилганида, имомга саждада эргашган кишидан рукуни ҳам соқит қилган бўлар эди.

Демак, зарурат имомга рукуда эргашган кишидан қироатни соқит қилмаслиги керак, бироқ амалда (муқтадийга) қироат қилиш фарз бўлмагани учун ҳам бу ҳолатда муқтадийдан қироат соқит бўлмоқда. Шунинг учун муқтадий қироат қилмаса ҳам, намози жоиз бўлаверади”.

Бир гуруҳ саҳобийларнинг бундай дейишгани ривоят қилинган: “Имомнинг орқасида намоз ўқиган кишига қироат йўқдир”. Улар Али, Ибн Масъуд, Жобир, Саъд, Абу Саид, Ибн Умар, Ибн Аббос, Зайд ибн Собит каби саҳобийлар розияллоҳу анҳумдир.

Али розияллоҳу анҳу айтади: “Ким имомнинг орқасида туриб қироат қилса, фитратига зид иш қилибди”. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу: “Ким имомнинг ортида қироат қилса, унинг намози намоз бўлмайди”, деган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан: “Имомнинг орқасида турган киши қироат қиладими?” деб сўралди. У зот: “Йўқ, сизлардан ким якка ўзи намоз ўқиса, қироат қилсин”, дедилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо имомнинг орқасида қироат қилмас эдилар. Абу Саид розияллоҳу анҳудан имомнинг ортидаги киши қироат қилиши ҳақида сўралди. Шунда у: “Унга имомнинг ўзи кифоя қилади”, деди.

Аббос розияллоҳу анҳумодан бир киши: “Имомнинг ортида қироат қиламанми?” деб сўради. У: “Йўқ”, деб жавоб берди. Ҳанафий уламоларимиз шу каби ҳадисларга амал қилганлар. Қуръон, суннат ва саҳо­бийларнинг ижмолари ҳам шунга далолат қилади.

 

Таъвилотул Қуръон” асаридан
Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржимаси.

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Агар дўзахга бу киритмаса, нима киритади?!

11.08.2025   2478   3 min.
Агар дўзахга бу киритмаса, нима киритади?!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриш ҳам ғанимат эди. Бунақанги имконият бўлиб қолса, саҳобалар дарров ундан фойдаланиб қолишар, имкониятни қўлдан чиқаришмас эди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг саодатига қаранг!

Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётиб сўради:

- Ё Расулаллоҳ! Шундай амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Жуда ҳам катта ишни сўрадинг. Бу иш Аллоҳ осон қилган кишига осондир: Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан; намозни қоим қиласан; закотни берасан; рамазон рўзасини тутасан, Байтуллоҳни ҳаж қиласан! Сўнг яна дедилар:

- Эй Муоз! Сенга яхшиликлар эшигини кўрсатайми? Рўза қалқондир, садақа сув оловни ўчиргани каби хатоларни ўчиради, кишининг кеча қоронғусида ўқиган намози... - деб ушбу оятни ўқидилар: «Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берганимиз нарсалардан инфоқ қилурлар» (Сажда сураси, 16- оят).

Сўнгра яна дедилар:

- Эй Муоз! Сенга барча ишларнинг боши, устуни ва энг юқори чўққиси нималигини айтайми? Ишларнинг боши Ислом. Унинг устуни намоз. Юқори чўққиси эса, Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир!

Сўнгра яна дедилар:

- Эй Муоз! Буларнинг барчасининг асосини айтайми?

- Айтинг, эй Аллоҳнинг Расули!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларини ушлаб:

- Мана буни тий! - дедилар.

Муоз розияллоҳу анҳу деди:

- Эй Аллоҳнинг Набийси! Биз айтаётган гапимиз туфайли ҳам тутиламизми?

Набий алайҳиссалом дедилар:

- Онанг сени йўқотсин, Муоз!

Инсонларни ёмон тиллари дўзахга юзтубан қулатмаса, бошқа нима қулатади?!

Тилнинг суяги йўқ, аммо ҳар қандай суякни синдириши мумкин. Қанча-қанча кишилар кимнингдир ҳазил тариқасида айтган қўпол гапи учун кечаси билан ухлай олмасдан, тўлғаниб чиқади. Мажлис тарқалиб кетиши мумкин, аммо айтилган гап пичоқ сингари унинг қалбида санчилган ҳолатда қолади!

Қанча-қанча қизларга келган совчилар қўшнилар айтган биргина ёмон таърифни эшитиб, жим қайтиб кетади. Аслида, у қизлар ҳасадгўй қўшниларнинг бўҳтонидан покиза эди!

Чақимчиларнинг, «бўлса, кўролмайдиган, бўлмаса, беролмайдиган» кишиларнинг дастидан қанча-қанча инсонлар ишидан, бола-чақасининг ризқидан ажралади!

Ёлғон гувоҳлик берувчи биргина сўз билан қанча-қанча мерослар тортиб олинади, одамлар ҳаққидан маҳрум қилинади. Ҳақлар ноҳақ ўзлаштирилади!

Ҳасад, кин-адоват туфайли айтилиб олов ёқилган биргина чақимчилик билан қанча-қанча дўстлар ажралиб кетишади. Дўстлик душманликка айланади. Муҳаббатга тўла қалблар оқибатда адоватга тўлади!

Гапимизга, қаламимизга ва ижтимоий тармоқлардаги ёзувларимизга, кишиларга раддиялар беришимизга назар солайлик. Аввало ўз саҳифамизни тўлдираётганимизни унутмайлик.

Ахир инсонларни дўзахга ёмон гаплар киритмаса, нима киритади?!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди