Яқин кунларда муқаддас рамазон ойи кириб келади. Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар янада кучайтирилади.
Ислом динида муҳтожларга ёрдам бериш, ногиронлиги бор инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, мискин ва бечоралар ҳолидан хабар олиш хайрли амаллардан ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд оилаларга доимий ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.
Моддий-маънавий ёрдамлар кўламини янада кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди бир қанча давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, араб давлатларида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган Саудия подшоҳлиги билан йўлга қўйилаётган алоқалар йилдан йилга янада ижобий тус оляпти. Бу ҳамкорлик натижасида Саудия томони, хусусан, Подшоҳ Салмон кўмак ва хайрия ишлари маркази икки йилдан буён айнан рамазон ойида Ўзбекистонга эҳтиёжманд аҳоли қатлами учун ҳурмо меваси ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳадя қилиб келяпти. Рамазон ойи муносабати билан яқинда ушбу марказ Ўзбекистонга кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун яна 6 750 дона озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат қутилар ва ун маҳсулотларини хайрия қилиб, фонд томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар салмоғини янада оширди. Жорий йилнинг 24 февраль куни ушбу хайрия маҳсулотлари қабул қилиб олиниб, уларни ўз эгаларига топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Саудия Арабистонининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф ибн Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий, Подшоҳ Салмон кўмак ва хайрия ишлари марказининг Ўзбекистондаги координатори Носир ас-Субайъий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Саламов, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси вакиллари, ОАВ ходимлари ҳамда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилалар иштирок этди.
Таъкидлаш керакки, хайрия қилинган маҳсулотлар Республика бўйлаб тақсимланиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг жойлардаги бошқармалари ва фонд филиаллари орқали Рамазон ойи давомида эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бор хонадонларга тарқатилади. Демак, бу ойда 6 750 та эҳтиёжманд оилага Рамазон туҳфалари кириб боради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
"Вақф" хайрия жамоат фонди
Матбуот хизмати
#ҳаж
64-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Мен пиёда ҳаж қилмоқчиман, шу масалага динимизда нима дейилади?
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Пиёда ҳаж қилиш тўғрисида мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ макруҳ, деганлар. Чунки пиёда ҳаж қилишда сафар машаққати одамнинг хулқига салбий таъсир кўрсатиб, киши феълини тажанг қилиб қўяди. “Мажмаъул анҳур” китобида: “Уловда ҳаж қилиш пиёда ҳаж қилишдан афзалдир ва фатво ҳам шунгадир”, дейилади.
Ҳозирги кунда ватандошларимизнинг хавфсизлиги ва қулайлигини ҳисобга олиб, фақат уюшган ҳолда ва ҳаво йули орқали ҳаж сафари қилинади. Ҳар бир ҳожининг хавфсизлиги, соғлиги ва ибодатларни тўлиқ бажариши махсус ишчи гуруҳ диққат-эътиборида бўлади.
Демак, якка тартибда пиёда ва автомобилларда ҳаж сафари қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки пиёда сафар қилинганда бир нечта хорижий давлатлар чегаралари кесиб ўтилади ва йўлнинг хавфсизлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Ҳукуматимиз томонидан барча қулайликлар яратилиб турганда бир пайтда, жонимизни хавфга қўйиб, пиёда ҳаж қиламан, дейиш маъқул эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar