Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Убайдулла Уватов қаламига мансуб китоблар ва рисолалар тақдимоти ҳамда олим хотирасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Термиз давлат университети, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети олимлари ҳамда “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари иштирок этишди.
Сўзга чиққанлар Убайдулла Уватовнинг илмий мероси, исломий илмлар тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида гапиришди. Келгусида олимнинг илмий меросини янада чуқурроқ ўрганиш, ёш авлодга етказиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
“Имом Термизий” ислом таълим муассасаси
Матбуот хизмати
Савол: Фарзандим даволаниш учун хорижга кетган эди. Мен агар болам тузалиб келса, тилла тақинчоқларимни садақа қиламан, деб назр қилган эдим. Алҳамдулиллаҳ, тузалиб келди. Садақа қиламан, деб турсам, қайнонам, тақинчоқларингиз тоза тилладан, уни менга сотинг ва пулини садақа қилаверасиз, деб талаб қилмоқда. Нима қилсам, тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазҳабимизда закот, фитр садақаси, ушр ва назр каби вожиб садақаларда, уларнинг қийматини бериш мумкин. Шу боис сиз ҳам тиллангизнинг ўзини ёки сотиб, пулини садақа қилсангиз ҳам бўлади. Фақат сотишда, бозордаги нархи эътиборга олинади. Ундан кам нархга сотиш мумкин эмас.
Кам нархга сотсангиз, тафовутини ўзингиздан қўшиб садақа қилишингиз лозим бўлади. Масалан, тилла тақинчоқларингиз нархи назрни адо қилиш кунларида бозорда 10 миллион сўм бўлса, лекин танишим ёки яқин инсоним деб, 8 миллионга сотсангиз, ёнига 2 миллион қўшиб, садақа қиласиз ва шу билан назрингиздан қутиласиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази