«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот-ресурс маркази фондига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековнинг «Ислом фиқҳи асослари» китобидан 50 дона ҳадя қилинди.
Китобда Ислом воқеий дин экани ва барча замону маконларга мос ҳамда мувофиқ келиши саодат асрида содир бўлган воқеа-ҳодисалар асосида илмий асослаб берилган. Бир мисол. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга қози қилиб тайинлаганларида бундай деганлар: “Агар сен бирор муаммога дуч келсанг, қандай ҳукм қиласан?” Шунда у: “Қуръондан ҳукм чиқараман”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Қуръондан унинг ҳукмини топа олмасанг-чи?” деб сўрадилар. “Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳукм излайман”, деди. “Агар Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳам топа олмасанг-чи?” деб сўраганларида: “У ҳолда ақлимга суяниб иш тутаман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муознинг елкасига қоқиб: “Расулуллоҳнинг элчисини Ўзи рози бўладиган ишга муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёки у киши бўлмаган вақтларда саҳобалар томонидан бундай ижтиҳодлар кўплаб содир бўлган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг чиқарган ҳукмларидан тўғрисини тасдиқлаб, хатоларини тузатиб қўяр эдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларнинг навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Унда раис ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов юртимизнинг турли ҳудудларидан келган юртдошларимизнинг масалалари, таклиф-мулоҳазаларини тинглади.
Шаръий ҳукмлар, оилавий масалалар, моддий кўмак сўровлари тегишли тартибда кўриб чиқилиши белгиланди. Шунингдек, фуқаролар томонидан масжидларни обод қилиш, ёшлар ўртасида илмий-маърифий тарғиботларни кучайтириш юзасидан билдирилган таклифлар ёзиб олинди.
Тегишли масалалар бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, фуқаролар мурожаатларини тезкор ва адолатли ҳал этишга йўналтирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати