Аллоҳни севинг! Зеро, биз Аллоҳга муҳаббат қилишга буюрилганмиз. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло сизларни Ўз неъматлари ила еб-ичириб тургани учун ҳам У Зотга муҳаббат қилинглар”, деганлар. Бу борада Аллоҳ таолодан кўра муҳаббатга ҳақлироқ яна ким бор?! Ахир У Зот бутун борлиқнинг Яратувчиси, уни йўқдан бор қилгувчи Зот-ку! Эй инсон, У Зот сени яратиб, сурат ато этиб, гўзал ҳусн берди. Сендаги каттаю кичик неъматларнинг барини ато қилган Зот – Аллоҳ таолодир.
Мустафо Сибоий бундай деган эди:
“Ким Аллоҳни севса, бошқасини севишдан лаззат тотмайди.
Ким қалбини нур билан ёритса, унинг қалбида зулматга жой қолмагай.
Кимнинг руҳи тақво ила юксакка кўтарилса, юксакликдан бошқасига рози бўлмагай.
Ким олиймақом ишларни яхши кўрса, фақат жаннатдангина қароргоҳ топгай.
Ким буюкларга муҳаббатли бўлса, уни фақатгина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш қаноатлантиради.
Ким ҳаётнинг сир-асрорларини англаса, Аллоҳдан бошқага бўлган муҳаббатни муносиб, арзирли муҳаббат деб ҳисобламайди”.
Аллоҳ таолодан бошқага бўлган муҳаббатингизни Аллоҳга бўлган муҳаббатингиздан устун қўйманг! Аллоҳ таоло бошқанинг муҳаббатини Унинг муҳаббатидан устун қўйганларга қарата бундай дейди: «Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-дунёларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ҳамда яхши кўрган масканларингиз сизларга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жидду жаҳд қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ Ўз амрини (яъни, азобини) келтиргунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас”»[1].
Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Тавба сураси, 24-оят.
Жорий йилнинг 12–15 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқи, БААнинг “HEDAYAH” халқаро маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва X-Media жамоаси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг дин ва жамоат етакчилари учун махсус семинар-тренинг ўтказилди.
Бошқа жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидан 25 нафар иштирокчи қатнашган мазкур тренинг замонавий медиа технологиялари, сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланишга бағишланди.
Семинар давомида назариядан амалиётга ўтган иштирокчилар видео контент яратиш, сценарий ёзиш, фактларни текшириш, рақамли платформаларда аудиторияни жалб этиш бўйича ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб олишди.
Бу каби семинар-тренинглар замонавий медиа имкониятларидан оқилона фойдаланиб, жамият билан мулоқотни янада самарали, мазмунли ва ишончли йўлга қўйишда жуда фойдали экани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати