Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, Аллоҳ сизлардан бирингиз иш қилганда уни яхшилаб қилишини севади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Мусулмон ҳар ишни пухта, чиройли ва мукаммал қилиши лозим. Чала, сифатсиз, “биздан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш қилиш мусулмон инсонга мутлақо муносиб эмас. Сифатсиз иш қилган одам ўзича оз иш қилиб, кўп нарса топганга ўхшайди.
Аслида эса у ўзига зарар қилган бўлади. Ўзи бажармаган ишини бажарган қилиб кўрсатиш, сифатсиз ишини сифатли иш сифатида тақдим этиш, хом-ашёнинг арзонини ишлатиб, қимматидан фойдаланганини даъво қилиш кабилар ёлғончилик, мунофиқлик ҳисобланади. Булар “қўшиб ёзиш”, “қаллоблик” каби номлар билан ҳам ҳаммамизга таниш.
Ишдаги бу нуқсонларни давлат, халқаро ташкилот ва ширкатлар, хусусий ширкат ва шахслар қўлида иш бажарётганлар содир этишади. Бунга масъул ҳисобчиларнинг бажарилмаган режанинг ортиғи билан бажарилгани ҳақида ҳисобот тайёрлашларидан тортиб, сувоқчи устанинг сувалган деворнинг ўлчовига йўқ нарсани қўшиб ҳақ олишигача мисол келтириш мумкин. Бундай кўзбўямачиликлар амалга оширилаётган пайтда осон кўринса ҳам, аслида кони зарардир. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам шармандаликдир.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизга нисбатан алдамчилик қилса, биздан эмас”, дедилар.
“Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар” китобидан
Хоразм вилояти сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида бўлиб, устоз ва талабалар билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга тўхталиб ўтдилар. Жумладан, диний таълим сифатини тубдан такомиллаштирилгани, янги диний таълим муассасаларининг ташкил этилгани, Тошкент ислом институтида магистратура йўлга қўйилгани, тизимдаги 50 дан ортиқ педагог-ўқитувчиларнинг илмий даражаларга (PhD ва DSc) эга бўлгани, шунингдек, етакчи хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорлик алоқалари кенгаяётгани алоҳида эътироф этилди.
Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари илм олиш фазилати, вақтнинг ғаниматлиги, дин ва Ватан ривожига муносиб ҳисса қўшиш ҳамда соҳага садоқат масалаларида талаба-ёшларга гўзал ваъз-насиҳатлар қилдилар. Энг қувонарлиси, бир гуруҳ фаол, илмга чанқоқ ва қори бўлган иқтидорли талабаларнинг шартнома пуллари тўлаб берилиши маълум қилиниб, уларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
Тадбир якунида Муфтий ҳазратлари томонидан диний таълим тизимини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси ва кўплаб малакали шогирдлар етиштиргани учун 30 йилдан зиёд тажрибага эга бўлган мадраса мудири Давронбек домла Абдуқодировга “Ҳаж – 2027” йўлланмаси тантанали равишда топширилди.
Мадрасадаги талабаларга яратилган шарт-шароитлар ва янги барпо этилаётган талабалар турар жойи билан яқиндан танишилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати