frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Рўзанинг 8 ҳикмати

28.02.2025   20813   2 min.
Рўзанинг 8 ҳикмати

1. Ихлос ва тақво

Рўза – Аллоҳ учун қилинган ибодатдир. Унда риё ва намойишкорлик бўлмайди, чунки рўза тутган одамни фақат Аллоҳ билади. Қуръонда бундай дейилган: Эй иймон келтирганлар! Сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақволи бўлсангиз! (Бақара, 183).

 

2. Сабр ва ирода кучини мустаҳкамлаш

Рўза инсонни нафсига қарши мустаҳкам қилиб, унинг иродасини кучайтиради. Очлик ва чанқоққа сабр қилиш орқали киши ҳаётдаги бошқа синовларга ҳам чидамли бўлади.

 

3. Шукр ва қадриятни англаш

Инсон одатда неъматларнинг қадрини уни йўқотганда билади. Рўза тутиш орқали киши таом, сув ва бошқа неъматларнинг аҳамиятини ҳис қилади ва Аллоҳга шукр қилишни ўрганади.

 

4. Ҳақиқий бойлик тақвода эканини тушуниш

Рўза тутган одам, хоҳ у бой ёки камбағал бўлсин, бир хил аҳволга тушади. Бу эса инсонга моддий бойликдан кўра маънавий бойлик муҳимроқ эканини кўрсатади.

 

5. Соғлиқ ва тиббий фойдалари

Рўза организмни тозалайди, ҳазм тизимини дам олдириб, турли касалликлардан ҳимоя қилади. Илмий тадқиқотлар рўзанинг токсинларни йўқотишга ва метаболизмни яхшилашга ёрдам беришини кўрсатган.

 

6. Рўза ва ижтимоий бирдамлик

Камбағаллар ва муҳтожларнинг аҳволини ҳис қилиш орқали инсонда меҳр-оқибат, хайрия ва закот бериш ҳисси уйғонади. Бу жамиятда ҳамдардлик ва бирдамликни мустаҳкамлайди.

 

7. Дуоларнинг қабул бўлиши

Рўзадорнинг дуоси рад этилмайди, чунки у Аллоҳ учун сабр қилиб, унинг розилигини истаган ҳолда ибодат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Учта одамнинг дуоси рад этилмайди: рўзадорнинг ифтор вақтидаги дуоси, одил подшоҳнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси (Имом Термизий ривояти).

 

8. Руҳий покланиш

Рўза нафақат жисмоний, балки руҳий покланишдир. У инсонни гуноҳлардан тийишга, яхши хулқ-атворга, гуноҳ ва ёмонликлардан узоқлашишга ўргатади.

Рўза инсон ҳаётининг барча жабҳаларига ижобий таъсир кўрсатувчи улкан ибодатдир. У нафақат савобли амал, балки инсонни маънавий ва жисмоний жиҳатдан юксалтирувчи буюк ҳикматдир.

Аллоҳ барчамизга рўзанинг ҳақиқий ҳикматларини англаб, уни чуқур ҳис қилишни насиб этсин!

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

07.08.2026   33700   1 min.
Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлимининг маълумотига кўра, 2026 йилнинг июнь–июль ойлари давомида юртдошларимиз томонидан DOMO мобил иловаси орқали масжидларнинг коммунал харажатларини қоплашга қаратилган хайрли ташаббус фаол қўллаб-қувватланди.


Ушбу давр мобайнида 650 та масжид учун жами 254,7 миллион сўм хайрия маблағлари йиғилиб, пўлатдай шаффофлик билан тўловларга йўналтирилди.


Сарфланган маблағлар тақсимоти:

  • 225,9 млн сўм (88,7%) — электр энергияси тўловларига;

  • 28,8 млн сўм (11,3%) — табиий газ харажатларини қоплашга.


Энг кўп хайрия қилинган ҳудудлар:

  • Тошкент шаҳри — 103,6 млн сўм;

  • Тошкент вилояти — 29,3 млн сўм;

  • Қорақалпоғистон Республикаси — 27,4 млн сўм;

  • Фарғона вилояти — 24,9 млн сўм. 
     

Бу каби хайрли эҳсонлар масжидларимизнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш ва намозхонлар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда.


Барча саховатпеша ҳамюртларимизга самимий миннатдорлик билдириб, қилинаётган эзгу амалларга Ҳақ таолодан барака тилайди.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари