Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ўзбекистон

02.03.2025   14153   12 min.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ўзбекистон

БИРЛАШГАН   МИЛЛАТЛАР   ТАШКИЛОТИ

ВА   ЎЗБЕКИСТОН

(2 март 1992 йилдан бери байроғимиз БМТда)

 

“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта у сизларга аниқ душмандир”.

             Қуръони Карим

            (Бақара 2 сура 208 оят).

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (инглиз. United Nations) БМТЕр юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.

БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгҳуқуқлили бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар ҳаракатини уйғунлаштириб турадиган маркази ҳисобланади.

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти:

ташкил топган сана:  1945 йил 24 октябр.

асосий мақсади:  ер юзидаги тинчликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўлиб, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

қайси давлатлар томонидан барпо этилган: БМТни барпо этиш ҳақидаги қарор СССР, АҚШ, Англия ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги Кенгашида 1943 йилда,

ташкилот Устави қачон ва қаерда қилинган: Устави эса Сан-Франциско (АҚШ) Конференциясида 1945 йилда қабул қилинган. БМТ Уставига даставвал 51 давлат имзо чеккан бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 193 тани ташкил қилмоқда.
 

тузилмаси
раҳбар: Бош котиб.

раҳбарлик муддати:  5 йил.

БМТнинг Бош Ассамблеясида мазкур ташкилотга аъзо бўлган барча давлатларнинг аъзолари иштирок этадилар.

БМТнинг Хавфсизлик кенгашига 15 давлат аъзодир. Шулардан 5 таси – АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитойдоимий аъзо давлатлардир. Кенгашнинг қолган 10 аъзоси Бош Ассамблея томонидан икки йил муддатга сайланадилар.

Бош Ассамблея Котибияти қуйидаги департамент ва бошқармаларга бўлинади:

-Сиёсий масалалар ва Хавфсизлик Кенгаши ишлари департаменти,

-Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти,

-Васийлик ва ўз-ўзини бошқармайдиган ҳудудлар департаменти,

-Назорат бошқармаси,

-Ходимлар бошқармаси,

-Бош котибнинг маъмурий идораси,

-Ижтимоий ахборот бошқармаси,

-Конференцияларга хизмат қилиш бошқармаси,

-Умумий хизмат бошқармаси,

-БМТнинг Женева бўлими.

БМТ сессияси йилда бир марта чақирилади. Хавфсизлик Кенгашининг ёки БМТ аъзолари кўпчилигининг талаби билан ҳар қандай масала юзасидан махсус сессиялар чақирилиши мумкин.

БМТнинг расмий тиллари — инглиз, француз, рус, испан, хитой ва араб тиллари.

Ўзбекистон БМТда
– Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг кўп ўтмай – 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди.

– Шу куни БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди.

1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.

Котибият
Котибият Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси, Хавфсизлик Кенгаши ва бошқа ташкилотлари кўрсатмаларига мувофиқ тезкор ва маъмурий ишларни амалга оширади. Уни умумий маъмурий раҳбарликни олиб борадиган Бош котиб бошқаради.

Нью-Йорк, Женева, Вена ва Найробида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бўлимлари мавжуд.

БМТнинг муҳим саналари
1945 йил 24 октябр – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилди: унинг Низоми Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ҳамда уни имзолаган давлатларнинг кўпчилиги томонидан ратификация қилинди ва кучга кирди.
1947 йил 24 октябр – Бош Ассамблея ўзининг 168-сонли Резолюцияси билан «Бирлашган Миллатлар куни»ни расмий равишда эълон қилди.
1948 йил 10 декабр – Бош Ассамблея Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясини қабул қилди.
1949 йил 24 октябр – Нью-Йоркда БМТ Марказий муассасалари биносига биринчи ғишт қўйилди.
1965 йил – БМТ Болалар Фонди – UNICEF га тинчлик учун Нобел мукофоти берилди.

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишни халқаро ҳуқуқий тартибга солишни замонавий босқичига асос яратилди ва БМТ Уставида таъкидланганидек: “Биз, Бирлашган миллатлар халқлари, инсоннинг асосий ҳуқуқларига, инсон шахсининг қадр қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқларига ва катта кичик миллатлар ҳуқуқларининг тенглигига ишончини қайта қарор топтиришга қатъий аҳд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Уставини қабул қилишга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини таъсис қилишга розилик бердик!

Айни маҳалда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар “Барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришни таъминлаш учун зарур бўлган тинчлик адоват ва фаровонликнинг муҳим аҳамияти ҳисобланадиган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг ҳурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.

 

БМТ Устави – барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро ҳужжатдир.

Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган.

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери йуқорига самога кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилот тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.

1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий ҳуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу ҳужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жаҳондаги энг кўп таржима қилинадиган ҳужжат ҳисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур ҳужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик ҳақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди”, – деб тарифлади БМТнинг Бош котиби.

Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро ҳужжатдир. 1991 йил 30 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча фуқаролари тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон ҳуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.

БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Президентимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди. Ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.

Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, ҳуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.

Шунингдек,  давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, муҳтарам Президентимиз шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади».

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.

БМТ ҳар бир инсонни ҳуқуқларини қўллаб қувватлаш, кенгайтириш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умумжаҳон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган.

“Динлараро бағрикенглик ҳафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, “Халқаро она тили куни” февраль ойида. Март ойида “Камситишга ноль куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик ҳафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон ҳуқуқлари поймол бўлишида ҳақиқатни ўрнатиш куни”. Апрель ойида “халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл ҳаракатларида содир этилган ҳодисаларда ҳалок ўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф муҳитни муҳофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.

БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.

 

БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор.

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, муборак динимиз камолоти ва масжиду мадрасаларимиз ободлиги учун муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида  ҳукуматимиз,  Диний идорамиз раҳбарияти томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчиликларида истиқлолимиз шарофати билан меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва шу олижаноб ислоҳотлар ҳали ҳамон бажарилиб келинмоқда. Бунга дунё тан бермоқда...

Иброҳимжон ИНОМОВ

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

25.08.2026   23403   5 min.
Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

Баъзи шаҳарларни китобдан ўқиб танимайсиз — уларни кўриш, ҳис қилиш, кўҳна деворларига боқиш, тор кўчаларидаги тарих нафасини туйиш керак. Бухоро дунёдаги ана шундай бетакрор, ғаройиб шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.

Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.

Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.

Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.

Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.

Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.

Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.

Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.

Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.

Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.

Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.

Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари