Бугун, 2 март куни Рамазон ойи муносабати билан хайр-саховат ишлари уюштирилди.
Муҳтарам Президентимизнинг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорига биноан бу йилги қутлуғ ой "Рамазон - саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи" шиори остида ўтказиляпти.
Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Наманган вилояти бош имом-хатиб Мусохон домла Аббосиддинов бошчилигида Давлатабод туманида ногирон, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ўзга дин вакилларига мурувват кўрсатилди.
Давлатабод туманида яшаётган рус, корейс, ўзбек ва татар миллатига мансуб муҳтож кишилар ҳолидан хабар олинди
Зотан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳйи ва саллам ҳам бағрикенглик тамойилига амал қилганлар. У зот ўзга юрт ва дин вакиллари, яъни Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни масжидларига таклиф қилиб: “Улар бизнинг дўстларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ҳам уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлари тарихдан маълум. Бу хайрли ишлар Исломнинг нақадар бағрикенг дин эканини кўрсатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Савол: Мен бегона жойда меҳмонхонага жойлашдим. Шошилиб, эътиборсизлик билан намозни қиблага тескари тарафга қараб ўқиб қўйибман. Ўқиб бўлганимдан кейин тушундим, шу намозимни ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда, сиз намозингизни қайтадан ўқишингиз лозим бўлади. Чунки қибла қайси тарафдалигини билмаган одам, шу ерлик қиблани биладиган (мусулмон, ақли расо, ошкор гуноҳлардан тийилган) кишидан сўраб, намоз ўқиши лозим. Агар шу ҳолатда қиблани биладиган киши топилмаса, кечаси одамларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Балки бор имкониятини ишга солиб, қиблани топишга ҳаракат қилади. Қалби билан бир томонни қибла, деб қасд қилиб намозини ўқийди. Гарчи қиблани тўғри тополмаган бўлса ҳам, унинг намози дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази