Азиз ватандошлар! Аввало, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги, устоз ва уламолар номидан барчангизни Рамазон ойи билан муборак этаман! Илоҳо, ойларнинг султони бўлган Рамазон ҳар галгиданда файзли ва баракали бўлсин!
Рамазон – бу мусулмонларнинг энг улуғ ойи бўлиб, у Аллоҳ таолонинг марҳамати ва баракаси ёғиладиган, савоблар кўпаядиган, дуо ва тавбалар қабул бўладиган мўътабар ойдир. Ушбу ойни чин дилдан эъзозлаб ўтказиш, рўза тутиш, Қуръон ўқиш, хайр-эҳсон қилиш ва яхшиликни кенг ёйиш ҳар бир мусулмон учун шарафдир.
Рамазон ойининг улуғлигини тасдиқловчи оятлар ва ҳадисларда унинг фазилатлари алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (Бақара сураси, 185-оят).
Бу ой Аллоҳ таоло томонидан мўминларга раҳмат сифатида юборилган бўлиб, унда Қуръон нозил бўлган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойининг улуғлиги ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
“Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Бу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, Рамазон мусулмонларга гуноҳлардан покланиш, қалбини тозалаш ва Аллоҳнинг раҳматига эришиш имкониятини беради.
Рамазон – бу фақат оч ва ташна юриш ойи эмас, балки мўминларнинг ўзини тарбия қилиш, гуноҳлардан тийилиш ва жамиятга фойда келтириш вақти ҳамдир. Айниқса, хайр-эҳсон қилиш бу ойда алоҳида аҳамият касб этади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида барча одамларга меҳрибон бўлиб, саховатда барчага намуна бўлганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли инсон эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келадиган пайтларда эса янада сахий бўлиб кетардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисдаги тасвир Пайғамбаримизнинг хайр-эҳсон қилишдаги шижоат ва меҳрибонликларини очиқ-ойдин намоён этади.
Тарихда Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиб, одамларга фойда келтирган буюк инсонлар жуда кўп бўлган. Бир неча ибратли воқеалар:
Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.
Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.
Бу каби ибратли ҳолатлар бугунги кунда биз учун ҳам намунадир. Агар ҳар бир мусулмон қўлидан келганича одамларга яхшилик қилса, жамият янада аҳил ва баракали бўлади.
Рамазон ойи – бу нафақат рўза тутиш, балки инсонийлик, саховат ва эзгулик ойидир. Ҳар бир мўмин бу ойда имкон қадар Қуръон ўқиб, Аллоҳга яқинлашиши, хайр-эҳсон қилиб, муҳтожларга ёрдам бериши, оиласи, қўшнилари ва жамият учун фойдали ишларни қилишга ҳаракат қилиши лозим.
Бу ойда қилинган ҳар бир яхшилик, озгина садақа ва ҳатто бировга меҳр билан муомала қилиш ҳам катта савобларга сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: Кимки рўзадорни ифтор қилдирса, бас, унга унинг савоби мислича берилур (Имом Байҳақий ривояти).
Шундай экан, ушбу муборак ойда вақтимизни беҳуда ўтказмасдан, ибодат ва яхшиликлар билан банд бўлайлик. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойининг баракаларидан баҳраманд қилсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен бирор нарсани Аллоҳдан тақво қилиб тарк қилсанг, Аллоҳ таоло сенга ундан-да яхшироғини ато қилади” [1], деганлар.
Ким “одамлар нима деркин”ни ташлаб, юзинг-кўзинг қилиб ўтирмасдан Аллоҳ таолодан бошқадан умидини узса, Аллоҳ таоло унга тарк қилганларидан кўра яхшироғини беради. Уни нафснинг иззати, махлуқотдан беҳожат бўлиш билан ризқлантиради. Бу борада Набий алайҳиссалом шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким иффатли бўлиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ унинг иффатини сақлайди. Ким одамларга сарғайиб юришдан қутулиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ таоло уни беҳожат қилиб қўяди. Ким сабрли бўлишга уринса, Аллоҳ таоло уни сабрли бандалардан қилади”[2].
Ким Аллоҳнинг қадарига эътироз қилишни ташласа ва ҳамма ишларини Роббига топширса, Аллоҳ таоло у бандани рози бўлиш ва кучли иймон билан сийлайди ҳамда унинг ишини шу даражада гўзал ниҳояга етказадики, у бу ҳолни етти ухлаб тушида ҳам кўрмайди.
Ким фолбин ва сеҳргарлардан юз ўгирса, Аллоҳ таоло унга сабрни насиб этади, таваккул ва тавҳиднинг ҳақиқати билан сийлайди.
Ким дунё матоҳларига қиё боқмаса, Аллоҳ унинг ишларини илгари қилади, қалбига сокинлик беради. Ўзи хоҳламаса-да, дунё унга эшикларини очади.
Ким Аллоҳгагина ибодат қилса, фақат ягона Аллоҳдан қўрқса, ваҳималардан қутулади. Аллоҳ таоло уни омонда сақлайди. Қўрқинчли нарсалар ҳам у учун саломатлик, оромбахш бўлиб қолади.
Ким ёлғонни тарк этиб ростгўйликни маҳкам тутса, Аллоҳ уни яхшилик томон йўллаб қўяди ва Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлар сафида бўлади, одамлар орасида ростгўйлик ила танилади ва шу орқали одамлар унинг гапларига қулоқ солади, унинг ҳурматини қиладиган бўлади.
Ҳақ бўлса-да, тортишувни тарк этгани эвазига Аллоҳ таоло жаннатда бир уй насиб қилади. Душманнинг ёмонлигидан асрайди. Қалби мусаффо бўлади. Унинг айбларини очадиганлардан омонда сақлайди.
Олди-сотдида алдовни тарк этганга нисбатан одамларнинг ишончи ортади. Унинг савдосида харидорлари сони кўпайиб боради.
Ким ҳаром нарсаларга қарамаса, Аллоҳ қалбига бир лаззатни ато этади.
Бахилликдан сақланиб, саховатпешаликни устун қўйган кишини одамлар ҳам яхши кўради. Аллоҳга ва жаннатга яқинлашади. Ғам-ташвишлардан енгиллайди. Фазилат бобида мартабаси ортиб боради. «...Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар»[3].
Кибрланишни четга суриб, камтаринликни шиор қилиб олган кишининг қадри ошади. Бу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сўзларидир: “Ким Аллоҳ учун тавозели бўлар экан, Аллоҳ унинг қадрини кўтармай қўймайди” [4].
Ким кўп уйқу ва унинг лаззатидан воз кечиб, вақтини Аллоҳнинг ризоси учун намоз ўқиш билан ўтказса, Аллоҳ таоло унга шодлик, тетикликни ато этади.
Ичиш-чекишнинг барча турларининг яқинига йўламаган кишига Аллоҳ Ўзи мададкор бўлади. Унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат насиб этади. Бу бахт ҳақиқий бахт бўлади, кайф қилгандаги сохта бахт эмас.
Ким қодир бўла туриб, қасос ва ўч олмаса, Аллоҳ унинг кўксини кенг қилиб қўяди. Қалбига сурур беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир бандани афв қилишидан фақат ва фақат унинг иззати ортади”[5], деганлар.
Ёмонлар билан ҳамтовоқ бўлишдан сақланганни Аллоҳ таоло яхши кишиларга йўлиқтиради. Ҳалолдан ризқ топади, дунё ва охират яхшиликларини қўлга киритади.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Аҳмад ривояти.
[2] Имом Бухорий ривояти.
[3] Ҳашр сураси, 9-оят.
[4] Имом Муслим ривояти.
[5] Имом Муслим ривояти.