Муҳтарам Президентимизнинг муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш тўғрисидаги Қарорларига биноан бу йилги қутлуғ ой "Рамазон - саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи" шиори остида ўтказилмоқда.
Зеро, бағрикенглик – турли миллат ва дин вакилларининг бир заминда ўзаро иноқ ва ҳомкор бўлиб яшашларини англатувчи тушунчадир. Юртимизда 16 диний конфессия, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир осмон остида, бир заминда, бир ҳаводан нафас олиб, ҳамжиҳат бўлиб, бир мақсад сари ҳаракат қилиши бағрикенглик, тотувлик, ҳамкорлик, толерантлик каби тушунчаларнинг юртимиздаги ифодасидар.
Дини, миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар дунёдаги инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари тенгдир. Ислом дини таълимотидан келиб чиқиб аждодлар шундай йўл тутганлар ва бизларга ҳам шундай ўргатганлар.
Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар учун сизларни турли-туман халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик” дея марҳамат қилган.
Муборак ойнинг улуғ кунларида муҳтарам Юртбошимиз қарорлари амалда эканлиги исботи ўлароқ бугун, Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарход ака Кушаков, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмоновлар Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи жисмоний имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, кам таъминланган турли диний конфессия вакиллари ҳолидан хабар олишиб, улар муборак Рамазон ойи билан қутлашди ва “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари билан ҳамкорликда уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқаришиб, синиқ кўнгилларга хурсандчилик улашишди.
Бу каби саховат тадбирлари муборак Рамазон ойи охирига қадар давом этади.
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўз хоҳиш-истакларига қаттиқ берилиш ва Аллоҳга итоат этишдан бош тортиш – нафснинг эгизак сифатларидир ва барча муваффақиятлар йўлини тўсувчидир. Айнан шунинг учун ҳам бузғунчи нафс жазоланишликка лойиқдир. Яъни гуноҳга ундовчи нафсни синдириш учун унга қарши курашиш, бунинг учун нафсни барча манфурлиги, қабоҳати ва разолатини ўзига кўрсатган ҳолда камситиш йўли билан жазолаш лозим. Ғазаб оловида алангаланаётган нафсга қарши туришнинг энг яхши йўли бу уни чиройли ахлоқ билан жиловлаб, юмшоқлик ва беозорлик билан сўндиришдан иборатдир.
Тақво соҳиби Зунуни Мисрий қуддиса сирруҳу марҳамат қиладилар:
“Инсондаги ахлоқий фасод ва тубанлашувнинг сабаби олтитадир:
Биринчиси – охирати учун бажарадиган амалларда ниятнинг заифлиги;
Иккинчиси – вужуднинг ҳирсу шаҳватлар тутқунига айланиши;
Учинчиси – ўлим яқинлигига қарамай, узундан узоқ орзу ҳаваслар гирдобида ғарқ бўлиш.
Тўртинчиси – одамлар ризолигини Аллоҳ ризолигидан афзал кўриши.
Бешинчиси – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тарк этиб, ҳавойи нафсига эргашиши.
Олтинчиси – ўзининг гуноҳларини оқлаш учун ўтган солиҳларнинг озгина камчиликларини дастак қилиши, уларнинг кўп яхши, ўрнакли амалларига эса эргашмаслиги[1]”.
Улуғ шайхларнинг ишончли, мўътабар китобларида нафсга қарши курашнинг кўплаб усул ва йўллари мавжудлиги айтилган. Аллоҳнинг розилигига эришмоқчи бўлганлар доимо ёдларида тутишлари учун улардан баъзларини келтириб ўтамиз.
Худони таниган азизлардан бирлари айтган эканлар:
“Биз тасаввуфни қандайдир сўз ва иборалардан эмас, балки очлик, дунё лаззатларидан воз кечиш, ёмон одатларни тарк этиш, Аллоҳнинг буюрганларини бажариб, қайтарганларидан қайтиш билан топдик”.
Бошқа бир донишманддан сўрабдилар:
– Нафсни жиловламоқ учун унга қандай монеълик қилиш зарур?
У зот жавоб берибдилар:
– Очлик ва ташналик билан кишанла, шон-шуҳратга, улуғликка бўлган интилишларини ва хоҳишларини сўндириб камсит, бой кишиларга хос бўлган одату сифатлардан уни маҳрум эт.
Абу Язид қуддиса сирруҳудан нақл этадилар:
Тушимда Аллоҳни кўрдим ва Ундан сўрадим:
– Эй яратган Эгам, менга Ўзингга элтадиган йўлини кўрсат!
Аллоҳ таоло марҳамат қилди:
– Нафсингни қолдир-да, Менга кел.
Шайхлардан бирлари шундай дебдилар:
“Бизнинг йўлимиз (тариқат) учта қоидага асосланган: фақат оч қолганда ейиш, беилож бўлгандагина ухлаш ва энг зарур пайтдагина сўзлаш!”.
Пирлардан яна бирлари муридига шундай насиҳат қилибди:
– Мусибат уч сабабга кўра келади: бадхулқлик, ёмон одатлардан қайтмаслик ва ёмон дўстликдан.
Талаба сўрабди:
– Бадхулқлик недир?
Пир жавоб берибди:
– Ҳаром емоқ.
Шогирд сўрабди:
– Одатлардан қайтмаслик деганда нимани тушунамиз?
Пир жавоб берибди:
– Бу кўз ва қулоқни тиймаслик — ҳаромга қараш, ғийбатга ўч бўлишлик.
Мурид яна сўрабди:
– Ёмон дўстлик дегани нимадир?
Бунга пирнинг жавоби шундай бўлибди:
– Кўнгилда пайдо бўлган нафсоний истакка дарҳол эргашишлик.
Таниқли илоҳиятчилардан бири бундай дейди:
“Бизнинг вазифамиз бизга ёмон муносабатда бўлганлардан қасос олиш эмас, аксинча, камтаринлик ва оддийлик билан улардан узр сўрашдир. Кимгадир туйилган нафрат туйғуларидан кўнгилни поклаш учун ўша одамга мурувват кўрсатиш керак эмасми?!”
Шундай қилиб, кимки нафсини улуғласа, дин унинг учун қадрсиздир. Ва аксинча, ким динини қадрласа, нафс унинг учун манфурдир (нафратлангандир).
Оддий одамлар ўз хатти-ҳаракатларини тузатишликка интиладилар, мумтоз зотлар эса ўзларининг руҳоний дунёлари ва ички аҳволарини яхшилашга эътибор қаратадилар.
Аллоҳга ибодат қилишда очликка чидаш ва тунги бедорликларга бардош беришлик у қадар қийин иш эмас. Аммо кишининг ўз феъл-хуйини бўлмағур одатлардан тозалашлиги хусусида гапирадиган бўлсак, бу ўта оғир ва мушкул ишдир.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Масалан, ҳазрати Али ва Муовия розияллоҳу анҳумнинг ўрталаридаги ихтилофларни нотўғри талқин қилишиб, уларнинг мақтовга сазовор гўзал хислатларидан кўз юмадилар. Муҳаррир.