"Рамазонни қандай ўтказамиз?" китобидан
Мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда. Бу ўзгаришлар замирида заминимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, шахслар, илм-фанга улкан ҳисса қўшган машҳур аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бой илмий меросини кенг тарғиб қилиш ишлари мужассам.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган "Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман фикримизни тасдиқлайди. Ушбу нуфузли анжуманда "Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросининг ислом илмлари ривожидаги ўрни", "Мотуридийлик таълимотида умуминсоний қадриятлар талқини", "XXI асрда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти" каби шўбаларда муҳокамалар бўлиб ўтди. Муфтийлар, илм-фан арбоблари ва илмий тадқиқотчилар ўз маърузаларида буюк бобомизнинг илмий мероси, мотуридийлик таълимотининг моҳияти каби муҳим масалаларда сўз юритди.
Тадбирда Миср, Туркия, Малайзия, Индонезия, БАА, Саудия Арабистони, Кувайт, Қатар, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 20 дан ортиқ давлатдан 70 дан зиёд муфтий, нуфузли исломшунос олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, мотуридийшунос тадқиқотчилар, тарихшунослар ва диний-маърифий соҳа вакиллари қатнашди.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 1 май, 88-сон