Cавол: Укол олиш билан рўза бузиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Замонамиздаги кўпчилик уламолар томирдан укол олиш рўзани бузади, дейишган. Чунки томирдан юборилган дори қон томир орқали жавфга – одамнинг ички аъзоларига тарқалади. Бу эса шариатимиз бўйича рўзани бузуилишига олиб келади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
"إنما الإفطار مما دخل وليس مما خرج" (رواه أبو يعلى الموصلى)
“Рўзанинг очилиши баданга кирган нарса сабабидандир, бадандан чиққан нарса сабабидан эмас”, деганлар (Абу Яъло ривояти).
Мушак (мускул)га қилинган укол эса ундай эмас. Яъни, игна орқали юборилган дори жавф – одамнинг ички органига етиб бормайди, балки мушак орқали таъсир қилади. шунинг учун мушакдан қилинган укол рўзани бузмайди.
Шундай бўлсада, баъзи уламолар эҳтиёт юзасидан мушак орқали қувват бўлувчи уколлардан тийилиб туриш кераклигини таъкидлайдилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Имом-хатиблар фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича кўчма семинар бугун республикамизнинг Қораўзак ва Тахтакўпир туманларида ташкил этилди. Қораўзак туманидаги марказий "Идрис эшон" жоме масжидида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин Разов бошчилигида соҳа ходимлари, маҳалла раислари ва зиёратчилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, сайёр тадбирда амалга ошириладиган ишлар кўлами тушунтирилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Қораўзак ва Тахтакўпир туманларининг 5 та масжиди ва 19 та маҳалласига бириктирилди. Улар ўзларига бириктирилган маҳалла ҳудудидан 101 та муаммоли хонадонга кириб, ўша ерда яшаётганларнинг ҳолидан хабар олди, яшаш шароитлари билан яқиндан танишди ва суҳбатлашди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, фикр-мулоҳазалари тингланди. Имом-хатиблар 10 та тоифага мансуб 101 та оилага маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди.
Шунингдек, масжидлар атрофида ободонлаштириш ва тозалаш ишларини олиб бориш, иш юритиш, жамоани бошқариш жиҳатлари ҳам ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини ўқиб, йиғилган қавмга, "Тинчлик бахти. Шукроналик. Илм олиш фазилати. Ёт ғоялар таъсиридан сақланиш. Миссионерлик ҳаракатларининг салбий оқибатлари" каби долзарб мавзуларда маърузалар қилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Қораўзак ва Тахтакўпир туманлари имом-хатибларининг маънавий-маърифий, масжид бошқарувидаги ишларига кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ташриф давомида қозиёт қозиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Қораўзак туманидаги "Идрис эшон" масжидининг янгидан қурилаётган биносининг қурилиш ишлари билан танишди.
Б.АББАЗОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими