Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июл, 2025   |   14 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:16
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
09 Июл, 2025, 14 Муҳаррам, 1447
Янгиликлар

Туркия телеканалларининг Рамазон дастурларида Ўзбекистон зиёрат туризми тарғиб этилмоқда

04.03.2025   12050   1 min.
Туркия телеканалларининг Рамазон дастурларида Ўзбекистон зиёрат туризми тарғиб этилмоқда

Туркиянинг "ТРТ-Аваз" ва "Самарқанд-ТВ" телеканалларининг муборак Рамазон ойи учун мўлжалланган дастурларида Ўзбекистон тарихий шаҳарлари ҳақидаги кўрсатувлар намойиш этиляпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
 

Мазкур телеканалларнинг муборак Рамазон дастурлари учун айнан Ўзбекистонни танлагани бежиз эмас. Чунки, турк халқи мамлакатимизни "Ота юрт" дея эъзозлайди, муштарак миллий ва диний қадриятларимизнинг асосларини Мовароуннаҳрда деб билади.

 

"ТРТ-Аваз" теканалида намойиш этилаётган "Туркистонда сўзнинг моҳияти", "Самарқанд-ТВ"да тақдим этаётган "Саҳарлик мажлиси" ва "Ифтордан аввал" дастурлари бутун Рамазон ойи давомида "прайм-тайм" вақтида эфирга узатилаётгани эътиборга моликдир.

 

Қайд этиш керакки, дастурлар давомида мамлакатимизнинг тарихий ва муқаддас диний қадамжолари, Мовароуннаҳрда етишиб чиққан ислом оламидаги машҳур олимлар, шунингдек, сўнгги йилларда юртимиздаги қадимий зиёратгоҳларни асраб-авайлаш ва ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар телетомошабинлар эътиборига тақдим этиляпти.

 

Мазкур телелойиҳалар мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини тарғиб қилиш ва юртимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

“Сафарга кетдилар...”

04.07.2025   22732   2 min.
“Сафарга кетдилар...”

Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:

– Ҳалиям уйланмадингми?

– Йўқ, – деди у.

– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?

– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...

– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..

– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.

Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:

“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:

– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:

– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...

Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.

Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ