Туркиянинг "ТРТ-Аваз" ва "Самарқанд-ТВ" телеканалларининг муборак Рамазон ойи учун мўлжалланган дастурларида Ўзбекистон тарихий шаҳарлари ҳақидаги кўрсатувлар намойиш этиляпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мазкур телеканалларнинг муборак Рамазон дастурлари учун айнан Ўзбекистонни танлагани бежиз эмас. Чунки, турк халқи мамлакатимизни "Ота юрт" дея эъзозлайди, муштарак миллий ва диний қадриятларимизнинг асосларини Мовароуннаҳрда деб билади.
"ТРТ-Аваз" теканалида намойиш этилаётган "Туркистонда сўзнинг моҳияти", "Самарқанд-ТВ"да тақдим этаётган "Саҳарлик мажлиси" ва "Ифтордан аввал" дастурлари бутун Рамазон ойи давомида "прайм-тайм" вақтида эфирга узатилаётгани эътиборга моликдир.
Қайд этиш керакки, дастурлар давомида мамлакатимизнинг тарихий ва муқаддас диний қадамжолари, Мовароуннаҳрда етишиб чиққан ислом оламидаги машҳур олимлар, шунингдек, сўнгги йилларда юртимиздаги қадимий зиёратгоҳларни асраб-авайлаш ва ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар телетомошабинлар эътиборига тақдим этиляпти.
Мазкур телелойиҳалар мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини тарғиб қилиш ва юртимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни Оли Имрон номли сурани ўқиса, Аллоҳ ва Унинг фаришталари қуёш ботгунча унга салавот айтиб турадилар», – дедилар (Табароний ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бомдод намозида «Алиф лам мим. Танзилу…»ни – Сажда(сураси)ни – ва «Ҳал ата ъалал-инсани»ни қироат қилар эдилар» (Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган).
Ибн Абу Сайф Яманий «Ал-ламъа фи рағоиби явмил жумуъа» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракъатда Фотиҳадан кейин Такосурни ўқийди, иккинчисида Вал асрни, учинчисида Кофирунни, тўртинчисида Ихлосни ўқийди». Сўнг охирида ўқиладиган қўшимча дуони ҳам келтирган.
«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан