Муҳтарам Президентимизнинг «Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи» ғояси асосида Тошкент шаҳрида ҳам саховат тадбирлари юқори савияда ўтказиляпти.
Рамазоннинг тўртинчи куни (4 март) Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Бектемир туманига ташриф буюрдилар.
Тумандаги 5 та ногиронлиги бор, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Мурувват кўрсатилган оилалардан бирида рус миллатига мансуб ёши улуғ онахон яшайди. Онахон саховатдан мамнун бўлиб, бу хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонларни алқади.
Ислом бағрикенг, ўзга миллат ва бошқа дин вакилларига меҳр-саховат кўрсатадиган диндир.
Зотан, қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойилларига риоя қилинса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор эмас.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул айласин!
Бу каби хайр-саховат тадбирлари шаҳримизнинг бошқа туманларида ҳам давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 12–15 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқи, БААнинг “HEDAYAH” халқаро маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва X-Media жамоаси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг дин ва жамоат етакчилари учун махсус семинар-тренинг ўтказилди.
Бошқа жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидан 25 нафар иштирокчи қатнашган мазкур тренинг замонавий медиа технологиялари, сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланишга бағишланди.
Семинар давомида назариядан амалиётга ўтган иштирокчилар видео контент яратиш, сценарий ёзиш, фактларни текшириш, рақамли платформаларда аудиторияни жалб этиш бўйича ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб олишди.
Бу каби семинар-тренинглар замонавий медиа имкониятларидан оқилона фойдаланиб, жамият билан мулоқотни янада самарали, мазмунли ва ишончли йўлга қўйишда жуда фойдали экани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати