Муҳтарам Президентимизнинг «Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи» ғояси асосида Тошкент вилоятида саховат тадбирлари давом этяпти.
Бу жараёнда маҳаллаларда истиқомат қилаётган кўнгли ўксик инсонларга қувончлар улашиляпти.
Рамазоннинг тўртинчи куни (4 март) Ангрен шаҳар «Облиқ» жоме масжиди имом ноиби шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари билан биргаликда «Дўстлик» ҳамда «Нишбош» маҳаллаларида яшовчи эҳтиёжманд кишиларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
* * *
Тошкент тумани «Ҳазрати Билол» жоме масжиди имом-хатиби Жаҳонгир Чориев ҳудуддаги «Заргар» маҳалласидаги етим парваришланаётган, ногирони бор 15 та хонадонга озиқ-овқатлар етказиб беришди.
Тумандаги «Кўктерак», «Раҳим ота», «Эшонхўжа ота» масжидлари имомлари ҳам ҳомийларни жалб қилган ҳолда ҳақдор оилаларга эҳсонлар тарқатдилар.
Туман имомлари ҳомийлар кўмагида 80 та кам таъминланган оилага 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришди.
* * *
Янгийўл тумани «Қирсадақ» масжиди имоми Одилжон Нарзуллаев ҳам ҳомийлар ёрдамида муҳтож оилаларга 12 миллион сўмлик эҳсон уюштирди.
* * *
Худди шундай саховат ишлари Чирчиқ шаҳри, Чиноз тумани ва барча туманлар/шаҳарларда давом этмоқда.
* * *
Ҳадиси шарифда: «Саховат шундай дарахтки, унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Ким унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади» (Абу Нуайм, "Ҳилятул авлиё"), дея таъкидланган.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин, савобларини кўпайтириб берсин.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сулаймон ибн Аюб раҳимаҳуллоҳ бундай ҳикоя қилади: “Мен ўн йилдан кўпроқ вақт давомида илм ўрганиш ва Қуръонни ёд олишга ҳаракат қилсам-да, Фотиҳа сурасини тўғри ўқий олмасдим. Бу ҳолат менга оғир эди. Ҳатто устозим ҳам мендан умидини узган эди.
Ёлғиз қолганимда саждага бош қўйиб йиғлаб, дуоларимда Аллоҳ таолодан тилимни бурро, хотирамни ўткир қилишини ҳамда қалбимдаги ғашликни кетказишини сўраб илтижо қилардим.
Солиҳ инсонлардан бирига ҳолимни баён этдим. У мендан: Ота-онанг борми? - деб сўради.
Мен: Ҳа, онам бор, - деб жавоб бердим.
У: Онангга яхшилик қиласанми? – деб сўради.
Мен: Ҳа онамнинг хизматларини бекаму кўст бажараман, – дедим.
Шунда солиҳ киши менга: Онангни олдига бориб, ундан Қуръони каримни ёд олишинг ҳамда фақиҳ бўлишинг учун дуо қилишини сўра, – деди.
Мен уйга бориб, бу гапларни онамга айтдим. Волидам ярим тунда намоз ўқиди, ҳаққимга хайрли дуолар қилди. Сўнгра саҳарлик қилиб, Аллоҳ учун рўза тутди.
Тонг отиши билан онамнинг дуолари қабул бўлди. Худди булутлар тарқагач қуёш чарақлагани сингари ақлим ҳам ёришиб, қувваи ҳофизам кучайганини ҳис этдим.
Шу тариқа мен зеҳни ўткир ва илмли инсонга айландим. Онамнинг дуоси баракотидан Қуръон ва ҳадисни пухта ўзлаштириб, илму-ҳикмат денгизида суза бошладим. Ниҳоят, кучли имомга айландим”.
Ким бирор мақсадини амалга оширишда қийналса, аввало, Аллоҳ таолога таяниш баробарида ота-онасининг дуосини олсин!.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг
“Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар” китоби асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.