Шу йил 3 март куни Рамазон ойи муносабати билан Наманган шаҳридаги "Роял" тантаналар мажмуасида ифторлик дастурхони ташкил қилинди.
Муҳтарам Президентимизнинг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорига биноан бу йилги қутлуғ ой "Рамазон - саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи" шиори остида ўтказилмоқда.
Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддинов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилоят бошқармаси ҳамда Вақф хайрия жамоат фонди Наманган вилоят филиали раҳбарлари бошчилигида Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Давлатобод туманларида истиқомат қилувчи ногирон, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқоролар ва бошқа конфессия вакилларига мурувват кўрсатилиб ифторлик дастурхони ёзилди.
Дуога қўл очган фуқароларимиз юртга тинчлик-омонлик сўрадилар, бундай ҳур, эмин-эркин замоннинг қадрига етиш, шукрона келтириш лозимлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати