Бу қиш отамга жуда оғир келди. Оддийгина шамоллашни ҳам кўтара олмай, икки ой тўшакда ётди, дори-дармонларнинг кети узилмади. Аслида касаллик туфайли эмас, икки дўсти, яқин жўраларидан айрилгани оғир келди. Тенгдошларининг бирин-кетин қишлоқни ҳам, бу оламни ҳам тарк этаётгани уларни чўчитяпти. Ахир ҳар бир инсон ҳаётида фарзандлари қатори дўсту-оғайниларининг ҳам ўрни бор.
Қиш бўйи Қўқонга тез-тез отамни кўргани бориб турдим. Бораману тезда ортимга қайтаман. Бирор кун ётиб қол, дейишига кўнмайман. Болаларим, рўзғоримни кўзим қиймайди. Аммо ичимда виждон азоби бор. Отам, мен олиб борган нарсаларга муҳтожми? Ичса, бир қошиқ овқат ичади, қорни тўяди. Нега, отамдан вақтимни бунчалар қизғаняпман? Нега ишимни баҳона қиляпман? Укам парвариш қилаётган бўлса, унинг ўрни бўлак. Мен болаларимга она бўлсамда, дадам учун фарзандманку. Болаларимга вақт ҳам, муаммоларини ечиш учун имкон ҳам топяпманку. Бир пайтлар отам ҳам худди мендек оиласига фидойилик қилганку. Ахир, ота-онага қараш, ғамхўрлик қилиш, фақат ўғилнинг вазифаси эмаску. Қизлар ҳам бирдек масъулку!
Хуллас, шу каби саволлар мени ўйлантириб қўйди. Рамазон ойининг кириб келиши эса мени яна қишлоғим сари етаклади. Ота-онамни бу йилги Рамазон ойини биз билан ўтказишга кўндирдим. Улар келгач, хонадонимга янада файз кирди, худдики, баракам кўпайгандек. Эрталаб саҳарлигу, ифторликда уйимда дуогўйларим борлиги сабаб, руҳим анчайин тетик. Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ой эканига иймон келтирдим.
Ўтган куни ишга келаётиб, имконияти чекланган бир танишим билан бироз суҳбатлашиб қолдим. Онахоннинг қувончини кўриб, кўнглим кўтарилди. Маҳалладошларидан бири иккинчи курсда ўқиётган ўғлининг икки йиллик шартнома пулини тўлаб берибди. Яна бир танишим эса тўнғич ўғли бева қолган опасига уч хонали уй совға қилгани, қизи ва неваралари янги уйга кўчиб ўтганини айтиб, хурсандчилигига шерик қилди.
Бу воқеаларни эшитиб, Рамазон ойи хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ой эканига яна бир карра амин бўлдим. Бу ойда қариялар зиёрат қилиниб, беморлардан хабар олиниб, муҳтожларга ёрдам берилади.
Бошига мусибат тушган инсонлардан кўнгил сўралади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни васф этиб, шундай марҳамат қиладилар: «Бу сабр ойи, унинг мукофоти эса – жаннатдир». Бу муборак ойда мусулмонларга Аллоҳ розилиги учун мислсиз имкониятлар ва баракотлар берилади. Шундай экан, Рамазон ойи мукофотидан бебаҳра қолмайлик.
Нигора Раҳмонова, ЎзА
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ