Бу қиш отамга жуда оғир келди. Оддийгина шамоллашни ҳам кўтара олмай, икки ой тўшакда ётди, дори-дармонларнинг кети узилмади. Аслида касаллик туфайли эмас, икки дўсти, яқин жўраларидан айрилгани оғир келди. Тенгдошларининг бирин-кетин қишлоқни ҳам, бу оламни ҳам тарк этаётгани уларни чўчитяпти. Ахир ҳар бир инсон ҳаётида фарзандлари қатори дўсту-оғайниларининг ҳам ўрни бор.
Қиш бўйи Қўқонга тез-тез отамни кўргани бориб турдим. Бораману тезда ортимга қайтаман. Бирор кун ётиб қол, дейишига кўнмайман. Болаларим, рўзғоримни кўзим қиймайди. Аммо ичимда виждон азоби бор. Отам, мен олиб борган нарсаларга муҳтожми? Ичса, бир қошиқ овқат ичади, қорни тўяди. Нега, отамдан вақтимни бунчалар қизғаняпман? Нега ишимни баҳона қиляпман? Укам парвариш қилаётган бўлса, унинг ўрни бўлак. Мен болаларимга она бўлсамда, дадам учун фарзандманку. Болаларимга вақт ҳам, муаммоларини ечиш учун имкон ҳам топяпманку. Бир пайтлар отам ҳам худди мендек оиласига фидойилик қилганку. Ахир, ота-онага қараш, ғамхўрлик қилиш, фақат ўғилнинг вазифаси эмаску. Қизлар ҳам бирдек масъулку!
Хуллас, шу каби саволлар мени ўйлантириб қўйди. Рамазон ойининг кириб келиши эса мени яна қишлоғим сари етаклади. Ота-онамни бу йилги Рамазон ойини биз билан ўтказишга кўндирдим. Улар келгач, хонадонимга янада файз кирди, худдики, баракам кўпайгандек. Эрталаб саҳарлигу, ифторликда уйимда дуогўйларим борлиги сабаб, руҳим анчайин тетик. Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ой эканига иймон келтирдим.
Ўтган куни ишга келаётиб, имконияти чекланган бир танишим билан бироз суҳбатлашиб қолдим. Онахоннинг қувончини кўриб, кўнглим кўтарилди. Маҳалладошларидан бири иккинчи курсда ўқиётган ўғлининг икки йиллик шартнома пулини тўлаб берибди. Яна бир танишим эса тўнғич ўғли бева қолган опасига уч хонали уй совға қилгани, қизи ва неваралари янги уйга кўчиб ўтганини айтиб, хурсандчилигига шерик қилди.
Бу воқеаларни эшитиб, Рамазон ойи хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ой эканига яна бир карра амин бўлдим. Бу ойда қариялар зиёрат қилиниб, беморлардан хабар олиниб, муҳтожларга ёрдам берилади.
Бошига мусибат тушган инсонлардан кўнгил сўралади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни васф этиб, шундай марҳамат қиладилар: «Бу сабр ойи, унинг мукофоти эса – жаннатдир». Бу муборак ойда мусулмонларга Аллоҳ розилиги учун мислсиз имкониятлар ва баракотлар берилади. Шундай экан, Рамазон ойи мукофотидан бебаҳра қолмайлик.
Нигора Раҳмонова, ЎзА
Маълумки, Ислом тарихида мусулмонлар дастлаб Ҳабашистонга, кейинчалик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлар. Шу ҳодиса динимизда қамарий йил ҳисобининг бошланиш санаси сифатида танланган. Биз мазкур ҳижратларда мусулмонлар ўз яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кўчиб кетишга жонлари, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан хатарнинг ўта кучайганлиги оқибатида содир бўлганини кўрамиз.
Ҳижрат икки турга: Абу Усмон Мужошиъ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда айтилади: “...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ...”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Мазкур ҳадис таъкидлаганлар. Бундан маълум бўлишича юртни тарк этиш жиҳоди бекор қилинди. Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
اَلْمُسْلِمُ مِنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ وَالْمُهاجِرُ مَنْ هَجَرَ ما نَهَى اللهُ عَنْهُ
Уламолар ҳадисни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Шу турдаги ҳижрат бугун ҳам мавжудлиги ҳадисдан маълум бўляпти.
Бугунги кунда содда мусулмонларни ҳижратга тарғиб қилишга уринаётган айрим сохта даъватчиларёшларни ўз оиласи, ватанини тарк этишга чақириш учун Қуръони карим оятлари ва ҳадисларнинг маъноларини ўз манфаатларига мослаб талқин қилмоқдалар. Ушбу “даъватчилар” мусулмон фақат юртини ташлаб чиқиб кетса, иймонли, “ҳижрат” қилмаган киши эса кофир бўлади, дейиш даражасига бордилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотдан кейин Ислом давлатини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашларига эътироз билдирмаганлар.
Бугунги кунда терорчилик ташкилотларнинг даъватчилари тинч давлатда яшаётган ёшларни хориждаги жангарилар тайёрловчи марказларга жўнатиш мақсадида дунёвий давлат ва жамиятни динсизликда айблаб, гўё ҳижратга чиқиш фарз экани, бунинг учун ҳеч кимдан, ҳатто, ота-онанинг рухсатини олиш керак эмас, деган сохта тушунчаларни ёшларга сингдиришга ҳаракат қилишлари хорижийларнинг амалидир.
Ақидапарастлар ҳижрат масаласида ушбу оятни далил қиладилар:
﴿إِنَّ الَّذِينَ تَوَفَّاهُمُ الْمَلَائِكَةُ ظَالِمِي أَنْفُسِهِمْ قَالُوا فِيمَ كُنْتُمْ قَالُوا كُنَّا مُسْتَضْعَفِينَ فِي الْأَرْضِ
قَالُوا أَلَمْ تَكُنْ أَرْضُ اللَّهِ وَاسِعَةً فَتُهَاجِرُوا فِيهَا فَأُولَئِكَ مَأْوَاهُمْ جَهَنَّمُ وَسَاءَتْ مَصِيرًا﴾
«Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: “Нима қилаётган эдинглар?” дерлар. Улар: “Ер юзида бечора эдик”, дерлар. “Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!” дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!» (Нисо сураси, 97-оят).
Ваҳоланки, уламолар мазкур оят аввал исломни қабул қилиб, Маккада яшаб келган бўлса-да, Бадр жангида (624 й.) маккаликлар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этганлар ҳақида нозил бўлганини таъкидлайдилар.
Шунингдек, уламоларнинг фикрига кўра, юқоридаги оят зажр, яъни қўрқитиш маъносидаги матн бўлиб, бундай матнлардан хулоса қилиш учун асл ҳукмларга қайтилади. Яъни асл ҳукм бўйича мусулмонлар гуноҳи кабира қилиш сабабли ҳеч қачон дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Ватанни сотиш, ўз юрти ва ватандошларига зарар етказиш, ота-онани норози қилиб “оқ” бўлиш эса Ислом таълимотида оғир гуноҳ ҳисобланади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ قالَ: جَاءَ رَجُلٌ إلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ:
جِئْتُ أُبايِعُكَ عَلَى الْهِجْرَةِ وَتَرَكْتُ أَبَوَيَّ يَبْكِيانِ فَقالَ: اِرْجِعْ عَلَيْهِما فَأَضْحِكْهُما كَما أَبْكَيْتَهُما.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Сизнинг олдингизга ҳижрат қилиш учун байъат бергани келдим ва ота-онам йиғлаб қолдилар”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг олдига қайт ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай қилиб кулдиргин”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Шунингдек, ақидапарастларнинг гўё “ҳижрат” қилмаганлар мўмин-мусулмонликдан чиқиши ҳақидаги даъволарига раддия сифатида Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ томонидан Қуръоннинг Анфол сураси, 72-оятига берилган тафсирини келтириш мумкин:
﴿إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَهَاجَرُوا وَجَاهَدُوا بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنْفُسِهِمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَالَّذِينَ آوَوْا وَنَصَرُوا أُولَئِكَ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ وَالَّذِينَ آَمَنُوا وَلَمْ يُهَاجِرُوا مَا لَكُمْ مِنْ وَلَايَتِهِمْ مِنْ شَيْءٍ حَتَّى يُهَاجِرُوا وَإِنِ اسْتَنْصَرُوكُمْ فِي الدِّينِ فَعَلَيْكُمُ النَّصْرُ إِلَّا عَلَى قَوْمٍ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَهُمْ مِيثَاقٌ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ﴾
“Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат, сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи Зотдир” (Анфол сураси, 72-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ мўминларнинг бир неча синфларини зикр қилмоқда:
1. Ҳижрат қилганлар
2. Ёрдам берганлар
3. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганлар.
Шунга қарамай, Аллоҳ таоло буларнинг барчасини мўминлар деб атамоқда.
Масаланинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, гўё “ҳижрат” учун Сурия каби мамлакатларга бораётган кишилар яхши ишлар билан шуғулланаётгани йўқ. Аксинча, ўша ерда уларга қўшилмаганларни “кофир” деб эълон қилиб, уйларини тортиб олиб, ўзларини ўлдириб юбормоқдалар. Аёллар ва болаларга зулм қиляптилар. Бундай фитналар гуноҳи кабира ишларга қўл ургандан кўра ўз юртида тинчликда, эмин-эркинликда фарз амалларни, ибодатларни бажариб, ҳалол меҳнат билан оиласини боқиб юрганлари афзал эмасми? Шу сабабли Исломда фитна даврида унга аралашмай ибодатда бўлганларга катта инъомлар ваъда қилинган.
Ҳадиси шарифда бундай дейилган:
قالَ النَّبِيُّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْعِبادَةَ فِي الْهَرَجِ كَهِجْرَةٍ إلَيَّ
“Ҳараж – фитна пайтида қилинган ибодат, менга ҳижрат қилиш каби” (Имом Муслим ривояти).
Юқоридаги гаплардан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:
– мўмин-мусулмонлар қайси мамлакатда, ҳатто ғайридинлар кўпчиликни ташкил этадиган юртларда ҳам эмин-эркин ибодатларини адо этишга имкон топсалар, ундай диёрдан ҳижрат қилиш фарз ёки вожиб бўлмайди;
– мусулмонлар тинчлик ва хотиржамликда, ибодатларини тўла-тўкис бажариб турган диёрдан мусулмонлар ўзаро урушаётган, одамларнинг жони, моли ва номуси хатарда бўлган ҳудудларга боришлари “ҳижрат” ҳисобланмайди, балки фитнага аралашиб қолиш саналади ҳамда шаръан ман этилади;
– юртимиз Ислом дини кириб келган даврдан буён “Ислом диёри” бўлиб келмоқда ҳамда мамлакатимизда ислом дини аҳкомларини мукаммал адо этиш учун барча шароитлар мавжуд;
– ҳозирги кунда бизнинг мамлакатдан “ҳижрат” қилиш фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Юртимиздан Сурия каби қуролли тўқнашувлар кетаётган ҳудудга ёки бошқа ўлкаларга чиқиб кетмаган мусулмонлар гуноҳкор ёки кофир бўлмайди;
– мусулмонларга қарши фитналар уюштирилаётган ҳудудга бориб бегуноҳ одамларнинг жони, мулки ва номусига дахл қилганлар оғир гуноҳ содир этган ҳисобланади.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси