Бу қиш отамга жуда оғир келди. Оддийгина шамоллашни ҳам кўтара олмай, икки ой тўшакда ётди, дори-дармонларнинг кети узилмади. Аслида касаллик туфайли эмас, икки дўсти, яқин жўраларидан айрилгани оғир келди. Тенгдошларининг бирин-кетин қишлоқни ҳам, бу оламни ҳам тарк этаётгани уларни чўчитяпти. Ахир ҳар бир инсон ҳаётида фарзандлари қатори дўсту-оғайниларининг ҳам ўрни бор.
Қиш бўйи Қўқонга тез-тез отамни кўргани бориб турдим. Бораману тезда ортимга қайтаман. Бирор кун ётиб қол, дейишига кўнмайман. Болаларим, рўзғоримни кўзим қиймайди. Аммо ичимда виждон азоби бор. Отам, мен олиб борган нарсаларга муҳтожми? Ичса, бир қошиқ овқат ичади, қорни тўяди. Нега, отамдан вақтимни бунчалар қизғаняпман? Нега ишимни баҳона қиляпман? Укам парвариш қилаётган бўлса, унинг ўрни бўлак. Мен болаларимга она бўлсамда, дадам учун фарзандманку. Болаларимга вақт ҳам, муаммоларини ечиш учун имкон ҳам топяпманку. Бир пайтлар отам ҳам худди мендек оиласига фидойилик қилганку. Ахир, ота-онага қараш, ғамхўрлик қилиш, фақат ўғилнинг вазифаси эмаску. Қизлар ҳам бирдек масъулку!
Хуллас, шу каби саволлар мени ўйлантириб қўйди. Рамазон ойининг кириб келиши эса мени яна қишлоғим сари етаклади. Ота-онамни бу йилги Рамазон ойини биз билан ўтказишга кўндирдим. Улар келгач, хонадонимга янада файз кирди, худдики, баракам кўпайгандек. Эрталаб саҳарлигу, ифторликда уйимда дуогўйларим борлиги сабаб, руҳим анчайин тетик. Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ой эканига иймон келтирдим.
Ўтган куни ишга келаётиб, имконияти чекланган бир танишим билан бироз суҳбатлашиб қолдим. Онахоннинг қувончини кўриб, кўнглим кўтарилди. Маҳалладошларидан бири иккинчи курсда ўқиётган ўғлининг икки йиллик шартнома пулини тўлаб берибди. Яна бир танишим эса тўнғич ўғли бева қолган опасига уч хонали уй совға қилгани, қизи ва неваралари янги уйга кўчиб ўтганини айтиб, хурсандчилигига шерик қилди.
Бу воқеаларни эшитиб, Рамазон ойи хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ой эканига яна бир карра амин бўлдим. Бу ойда қариялар зиёрат қилиниб, беморлардан хабар олиниб, муҳтожларга ёрдам берилади.
Бошига мусибат тушган инсонлардан кўнгил сўралади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни васф этиб, шундай марҳамат қиладилар: «Бу сабр ойи, унинг мукофоти эса – жаннатдир». Бу муборак ойда мусулмонларга Аллоҳ розилиги учун мислсиз имкониятлар ва баракотлар берилади. Шундай экан, Рамазон ойи мукофотидан бебаҳра қолмайлик.
Нигора Раҳмонова, ЎзА
Бир аёл Лайс ибн Саъддан озроқ асал беришини илтимос қилди. Лайс унга бир меш асал олиб келишларини буюрди. Атрофидагилардан бири: “Нима учун бу аёлга бунча асал беряпсиз? Ахир у сиздан озгина асал сўради, холос”, деди. Лайснинг жавоби мана шундай бўлди: “У биздан ўзига керагини сўради, биз эса унга Аллоҳ таоло бизга берган неъматлари миқдорича берамиз”.
Лайс ибн Саъд ҳар куни уч юз олтмиш бечораҳолга садақа улашмасидан бурун биров билан гаплашмас экан. Биз-чи, биз?! Ҳар куни яримта хурмо бўлса-да, садақа қиляпмизми?! Агар мол-дунёингиз етарли бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мол-дунё садақа сабабли камаймайди”[1] деган гапларини эсингиздан чиқарманг!
Алий розияллоҳу анҳу бир куни йиғладилар. У кишидан: “Йиғингизнинг боиси не?” – деб сўрашганида, “Менинг олдимга мана етти кундирки меҳмоннинг қадами етмади. Аллоҳ мени хор қиляптимикан деб хавфсираб қолдим”, деган эканлар.
Бировга эҳсон берар экансиз, чеҳрангиз очиқ бўлсин. Яхшилик қилаётган кишингизнинг қаршисида қовоғингизни уйманг.
Шоир айтади:
Фақир даргоҳига ҳар дам чеҳранг очиб бор,
Ўзингни паст тутиб, кибру ҳаводан қочиб бор.
Берган нарсаларингизни миннат қилишдан сақланинг, йўқса амалларингиз чиппакка чиқади. Аллоҳ таоло айтади: «Яхши сўз ва кечириш ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир»[2]. Яна Аллоҳ таоло миннатчиликдан огоҳлантириб, шундай дейди: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..”[3].
Бир киши дўстининг олдига келди. Дўсти унга: “Нима гап, тинчликми? Бирор ишинг бўлса айт”, деди. У: “Менинг тўрт юз дирҳам қарзим бор, берай десам бир дирҳам ҳам пулим йўқ”, деди. Дўсти унга тўрт юз дирҳам берди-да, кўзларида ёш ила уйига кирди. Аёли: “Ахир йиғлар экансиз, нимага бердингиз?” – деди. Шунда у: “Худо ҳаққи, мен бу учун йиғлаётганим йўқ. Мени йиғлатган нарса, наҳот яқин дўстимнинг бу ҳолидан бехабар қолдим, ахир дўстим эшигимгача келибди. Шунинг хижолатидан йиғлаяпман”, дебди.
Яқинларимиз, қариндош-уруғ, дўстларимиз ҳолидан хабар олаяпмизми?!
Уларга бирор нарса бергудек бўлсак, уларнинг ҳожатлари миқдорича бераяпмизми ёки бизга ато қилинган неъматлар қадарми?!
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривоят қилган.
[2] Бақара сураси, 263-оят.
[3] Бақара сураси, 264-оят.