Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ، غَيْرَ أَنَّهُ لَا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْئًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.
Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас», дедилар».
Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда рўзадор киши учун ифторлик бериш улкан савобли иш эканлиги таъкидланмоқда. Рўза тутган одамга қанча савоб берилса, унинг учун ифторлик ҳозирлаган одамга ҳам шунча савоб берилиши баён қилинмоқда. Унга рўзадорнинг савобидан олиб берилмайди, балки ўзи учун алоҳида савоб берилади.
Лекин бу ўзи рўза тутмай, рўзадорга ифторлик тайёрлаб берса, рўза тутган ўрнига ўтади, дегани эмас. Рўза тутиш ҳар бир инсон учун фарздир. Ҳар ким ўз рўзасини ўзи тутиши керак. Бошқа ҳеч нарса бунинг ўрнини боса олмайди. Рўзадорга ифторлик бериш эса хайр-эҳсон ҳисобланади, холос. Буни қилган одам мана шу амалига яраша савоб олади.
عَنْ أُمِّ عِمَارَةَ الْأَنْصَارِيَّةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم دَخَلَ عَلَيْهَا فَقَدَّمَتْ إِلَيْهِ طَعَامًا فَقَالَ: كُلِي، فَقَالَتْ: إِنِّي صَائِمَةٌ، فَقَالَ: رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ الصَّائِمَ تُصَلِّي عَلَيْهِ الْمَلَائِكَةُ إِذَا أُكِلَ عِنْدَهُ حَتَّى يَفْرُغُوا، وَرُبَّمَا قَالَ حَتَّى يَشْبَعُوا. وَفِي رِوَايَةٍ: الصَّائِمُ إِذَا أَكَلَ عِنْدَهُ الْمَفَاطِيرُ صَلَّتْ عَلَيْهِ الْمَلَائِكَةُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ صِحِيحٍ.
Умму Имора ал-Ансорийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. У ул зотга таом тақдим қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Сен ҳам) егин», дедилар.
«Мен рўзадорман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон рўзадорнинг олдида таом ейилса, то еб бўлгунларича (ёки тўйгунларича) фаришталар рўзадорга саловот айтиб туради», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Қачон рўзадорнинг олдида оғзи очиқлар таом еса, фаришталар унга салавот айтурлар», дейилган.
Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда нафл рўза ҳақида сўз кетаётганлиги шубҳасиз. Мусулмон инсон нафл рўза тутган бўлса-ю, унинг ҳузурида оғзи очиқ кишилар таом еса, у эса сабр қилиб, рўзасини давом эттирса, фаришталарнинг саловотига эришар экан. Бу нафл рўза тутиб, уни очиб юбормай, охиригача етказадиган кишилар учун улкан башоратдир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати