Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мўмин-мусулмон инсон кундалик ҳаётида дунё ва охират саодатига мушарраф қилувчи энг муҳим режаларни тузиб, шу асосда иш юритиши лозим. Қуйида кундалик ҳаётимиз учун муҳим бўлган қонун-қоидаларни санаб ўтамиз:
– Намозларни суннат ва нафллари билан бирга вақтида адо этиш.
– Зикрларни вақти ва муайян сабабига кўра вазифа қилиб адо этиш.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот, тасбеҳ, таҳмид, таҳлил ва такбир каби мутлақ зикрларни ва бошқаларни адо этиб бориш.
– Қуръондан кундалик вирдларни ўқиб бориш ва камроқ бўлса-да, ёд олиш.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ўқиш ёки эшитишни вирд, вазифа қилиб олиш.
– Душанба ва пайшанба кунлари ҳамда қамарий ҳисобнинг маълум кунларида қодир бўлганча нафл рўза тутиш.
– Илмий мажлис, ваъз эшитиш ёки руҳий тарбия китобларидан ўқиш.
– Қодир бўлгунингча кунлик садақа, эҳсон чиқариш.
– Оила, дўст-биродарлар билан яқин муносабатда бўлиш, қўнғироқлашиб бўлса-да, алоқада бўлиб туриш.
– Ўн оят ўқиб ҳам икки ракат таҳажжудни ҳамда витр намозини адо этиш.
– Кўзни тийиш, кам сўзлаш, гина, кек сақлашни тарк этиш, фойдали нарса билан машғул бўлиш.
– Ўлимни эслаш қалбни ислоҳ бўлишида муҳим туртки бўлувчи сабабдир.
– Оила аъзолар, фарзандлар билан бирга ўтириш, уларга чиройли муомалада бўлиш, кенглик қилиб бериш ва улар кўнглига сурур ва хурсандлик киритиш.
Вафот этганингиздан кейин нималар бўлишини тасаввур қиласизми? Бир неча соат ўтиб, сиз учун йиғлаётган одамларнинг йиғиси тўхтайди. Яқин қариндошларингиз ҳам ҳаёт ташвишларига овунади.
Кўп ўтмай, раҳбарингиз ўрнингизга бошқа ходим топади. Яқинларингиз, фарзандларингиз ишга, тирикчилик ташвишига тушиб кетади.
Бир ой ўтгандан сўнг турмуш ўртоғингиз ҳам сизни камроқ эслай бошлайди. Ҳа, одам ўзи ўйлаганидан кўра тезроқ унутилади.
Модомики, одамлар сизни шунчалар тез эсдан чиқарар экан, бу ўлчовли умрингизни ким ёки нима учун сарфламоқдасиз? Бир умр “Одамлар нима деркин?” деб яшаб ўтмаяпсизми? Яшашдан мақсадингиз нима ўзи?
Бир лаҳза тин олиб, шулар ҳақда ўйлаб кўринг. Бу оламга келтирилиш сабабингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. Яқинларингизни ҳаётлик чоғида қадрлангки, вақти етганда қадр топасиз. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган ҳаммамизга мазмунли ҳаёт, хайрли оқибат насиб этсин!
Акбаршоҳ Расулов