Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
اللَّهُمَّ إِنَّ لَكَ نَسَمَاتَ لُطْفٍ إِذَا هَبَّتْ شَفَتْ مَرِيْضَ غَفْلَةٍ، وَإِنَّ لَكَ نَفَحَاتٍ
إِذَا تَوَجَّهَتْ إِلَى أَسِيْرِ هَوًى أَطْلَقَتْهُ، وَإِنَّ لَكَ عِنَايَاتٍ إِذَا لَاحَظْتَ غَرِيْقًا فِي بَحْرِ الضَّلَالَةِ أَنْقَذْتَهُ، وَإِنَّ لَكَ لَطَائِفَ كَرَمٍ إِذَا ضَاقَتِ الحَيْلَةُ بِمُذْنِبٍ وَسِعَتْهُ، وَإِنَّ لَكَ
فَضَائِلَ وَنِعَمًا إِذَا تَحَوَّلَتْ إِلَى فَاسِدٍ أَصْلَحْتَهُ، وَإِنَّ لَكَ نَظَرَاتَ رَحْمَةٍ إِذَا نَظَرْتَ بِهَا إِلَى غَافِلٍ أَيْقَظْتَهُ.
Аллоҳим, Сенинг лутфингни енгил шамоли бор. Агар у эсадиган бўлса, ғафлат касалидаги одамга шифо беради.
Албатта, Сенинг тортиқ қиладиган нарсаларинг бор, агар уни ҳавойи нафсига асир бўлганга таважжуҳ қилсанг, уни бу асирликдан озод қиласан.
Албатта, Сенинг иноятларинг бор, агар у билан залолат денгизига ғарқ бўлганга қарасанг, уни қутқарасан.
Албатта, Сенинг карамингни лутфлари бор, агар бир гуноҳкор банда торчиликка тушса, уни кенгчиликка олиб чиқади.
Албатта, Сенинг фазилат ва неъматларинг бор, агар улар фосидга айланса, уни тўғрилайсан.
Албатта, Сенинг раҳмат назарларинг бор, агар у билан бир ғофилга назар солсанг, уни ғафлатидан уйғотасан.
Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.
Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.
Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.
2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.
Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази