Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рўзадор кишига қуйидагилар суннатдир:
1. Нафсни ёмон ниятлардан тўхтатиш;
2. Фойдасиз ҳамда уятсиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш;
3. Биров билан уришишдан, ҳар қандай гуноҳ ишлардан ўзни тортиш;
4. Мумкин қадар истиғфор, зикр ва тасбеҳ билан банд бўлиш;
5. Қуръон ўқиш;
6. Қуёш ботган вақтда шом намозини ўқишдан олдин бир қултум сув билан бўлса ҳам оғиз очиш;
7. Рамазон ойида ҳар куни хуфтон намозидан сўнг йигирма ракат таровеҳ намози ўқиш;
8. Таровеҳ намозида Қуръони Каримни ўқиб ёки эшитиб хатм қилиш;
9. Рамазонда хуфтонни жамоат билан ўқиган киши учун витр намозини ҳам жамоат билан ўқиш.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Вафот этганингиздан кейин нималар бўлишини тасаввур қиласизми? Бир неча соат ўтиб, сиз учун йиғлаётган одамларнинг йиғиси тўхтайди. Яқин қариндошларингиз ҳам ҳаёт ташвишларига овунади.
Кўп ўтмай, раҳбарингиз ўрнингизга бошқа ходим топади. Яқинларингиз, фарзандларингиз ишга, тирикчилик ташвишига тушиб кетади.
Бир ой ўтгандан сўнг турмуш ўртоғингиз ҳам сизни камроқ эслай бошлайди. Ҳа, одам ўзи ўйлаганидан кўра тезроқ унутилади.
Модомики, одамлар сизни шунчалар тез эсдан чиқарар экан, бу ўлчовли умрингизни ким ёки нима учун сарфламоқдасиз? Бир умр “Одамлар нима деркин?” деб яшаб ўтмаяпсизми? Яшашдан мақсадингиз нима ўзи?
Бир лаҳза тин олиб, шулар ҳақда ўйлаб кўринг. Бу оламга келтирилиш сабабингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. Яқинларингизни ҳаётлик чоғида қадрлангки, вақти етганда қадр топасиз. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган ҳаммамизга мазмунли ҳаёт, хайрли оқибат насиб этсин!
Акбаршоҳ Расулов