Исломда Рамазони шариф ойлар ичида энг муборак ой, ойлар султони ҳисобланади. Рамазон мўмин бандаларга Яратганнинг улуғ ажрларига етишиш учун имкон эшикларини очиб бергувчи нажот ойидир.
Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилиши, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этиши, рамазон рўзасини адо этиши, тавореҳ намозларини ўқиши учун зарур барча шароит яратииб берилаётганлиги, шубҳасиз, барчамизни беҳад қувонтиради.
Президентимизнинг жорий йил 27 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам ушбу ойни “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида чиройли ўтказиш, халқимизга хос инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш юзасидан қатор вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш, қолаверса, Рамазон ойини юқори савияда ўтказиш учун Андижон вилоятида ҳам зарур ишлар амалга оширилди.
Рамазон ойи бошланиши билан вилоятимиздаги 179 та жоме масжиди ҳамда “Сайид Муҳйиддин маҳдум” ўрта махсус ислом билим юртида тавореҳ намозлари ўқилмоқда. Барча масжидларимизда, хусусан, Андижон шаҳридаги “Пистамазор” жоме масжидида ҳам намозхонлар учун зарур барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилган.
Аҳоли, намозхонлар ҳар куни тавореҳ намозини чиройли адо этмоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) рамазон ойини мадҳ этиб: "Бу шундай ойки, унинг аввали раҳматдир", дейди. Яъни бу ойда тутилган рўза ва қилинган эзгу амаллар билан Аллоҳнинг раҳматига доҳил бўлинади. "Рамазоннинг ўртасида эса банданинг гуноҳлари махфират этилади", дейилади. Демак, гуноҳларимиз, хато ва қусурларимиз кўп бўлса-да, рамазоннинг ярмига етганда тутган рўзамиз эвазига Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради. Яна пайғамбаримиз (с.а.в.) рамазоннинг охирида эса ойни рўза тутиб ўтказган бандалар жаҳаннамдан озод бўлишини марҳамат қилганлар.
Ҳар бир мўмин банда ушбу муборак ойнинг одоб ва тартибларига риоя қилмоқликлари муҳимдир.
Рамазон ойи одоб ва тартиблари деганда нималар тушунилади? Бу хусусда Қуръони Карим ва ҳадисларда жуда кўп кўрсатмалар берилган. Жумладан, рамазон кириши билан ҳар бир мўмин, энг аввало, тилини ёмон сўзлардан, яъни ғийбатдан, ёлғондан сақламоқлиги керак.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Кишики ёлғон сўзламоқни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди. Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди" дейди.
Яна динимиз кўрсатмаларида рамазон ойида мўминлар атрофидаги инсонларга тили ва қўли билан озор бермаслиги айтилган. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Киши Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас у инсон гапирса, яхши ишни гапирсин ёки жим турсин", деб марҳамат қилганлар. Шу боис ҳам ушбу муборак ойда ҳар бир инсон Аллоҳга тавба қилмоқлиги, шу билан бирга, инсонларга озор етказишдан сақланмоқлиги керак. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Тавбага шошилинглар ўлим келмасдан олдин" деганлар ва яна бу ойда ҳар бир мўмин фақирларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам қўлини чўзмоқлари, ҳеч бўлмаса ифторликларига бир қултум сув билан бўлса ҳам уларга меҳру муҳаббатларини кўрсатмоқликлари лозимдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Киши бу ойда бир рўзадорни (бир қултум сув билан бўлса ҳам) сўраб қўйса, Аллоҳ унга кавсаридан бир шарбат ином этади, уни ичган киши асло ташна бўлмайди", деганлар.
Ушбу муборак ойда бандалар етимлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг ўксик қалбларини шод қилмоқлари лозимдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Ким бир етимни кафолатини олса, бас у мен билан жаннатда бирга бўлади", деганлар. Яна бу муборак ойда ҳар бир инсон имкон борича атрофдагиларга ёрдам қўлини чўзмоғи лозим. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Ким бир мусулмоннинг қийинчилигини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло у бандасининг қиёмат куни қийинчиликларини енгилатади", дея марҳамат қилганлар.
Муборак рамазон ойида Аллоҳ барчаларимизга юқорида айтиб ўтилган амалларга риоя қилишлигимизни, рамазон ойини чиройли ўтказиб, Яратганнинг марҳаматига етишишликни насиб этсин.
Хайрулло Сулаймонов,
Андижон шаҳридаги "Пистамазор" жоме масжиди имом-хатиби.
ЎзА
Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws