Бу каби эзгу ишлар муборак Рамазон ойида янада кўпроқ амалга оширилаётгани инсонлар қалбида шукроналик туйғуларини уйғотиши табиий.
Жумладан, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали жамоаси ҳам саховатли ишларга баҳоли қудрат ўз улушларини қўшиб келмоқда.
Аслида мамлакатимиз бўйлаб бундай меҳр-мурувват ва саховат акцияси йил давомида амалга оширилиб келинади. Айни кунларда эса мазкур ҳаракат марафон тарзида – кенг миқёсда қулоч ёзган. Турли даражадаги тиббий кўмакка муҳтож юзлаб ҳамюртларимизга шифо масканида беғараз ёрдам кўрсатиляпти. Улар орасида оддий фуқародан тортиб, Ватанимиз тинчлиги йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари, оила аъзолари, Қуролли Кучлар фахрийлари бор.
Қўли енгил ҳарбий шифокорлар нейрожарроҳлик, кўз жарроҳлиги, юрак-қон томири ва урологик йўналишдаги мураккаб жарроҳлик амалиёти орқали кўплаб инсонларнинг дардига даво топмоқда.
Шунингдек, Марказий ҳарбий клиник госпиталнинг йигирмага яқин даволаш бўлимларида ҳам турли касалликлардан азият чекаётган ҳамюртларимизга тегишли муолажалар кўрсатиляпти.
Абдулла Барноев (Сариосиё-Узун воқеаларида ҳалок бўлган Улуғбек Барноевнинг отаси), Ҳусан Ҳусанов, Баҳром Аллаяров (Қуролли Кучлар фахрийлари), Сардор Тошпўлатов (ҳарбий хизматчи), Баҳодир Исроилов, Шуҳрат Худоёров каби ҳамютрларимиз тажрибали ҳарбий шифокорларнинг хизматларидан мамнун. Айниқса, касб тақозоси билан хорижий давлатларда кўп бўлган Баҳодир Исроилов ҳарбий клиник госпиталдаги хизмат сифати ва шарт-шароитларни чет элдагидан зўрроқ эканлигини эътироф этди.
Жарроҳлик бўлимларида дарддан фориғ бўлган бу инсонлар Марказий ҳарбий клиник госпиталида яратилган шарт-шароитлар учун давлатимиз раҳбарига, Мудофаа вазирлиги раҳбариятига, шунингдек тиббий хизмат полковниги Толиб Сиддиқов, тиббий хизмат подполковниклари Фарҳод Умаров ва Зуҳриддин Ғаниев, тиббий хизмат майори Улуғбек Юсупов каби шифокорларга чексиз миннатдорликларини изҳор қилишди.
Бахтсиз ҳодиса туфайли қаттиқ куйиш ташхиси билан госпиталга олиб келинган бухоролик опа-сингил Фарангиз ва Феруза Дўстмуродоваларга ҳам клиника мутахассислари томонидан ёрдам кўрсатиляпти.
Асрор РЎЗИБОЕВ,
“Ватанпарвар” мухбири.
ЎзА
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати