Америкалик тарихчи ва журналист Фредерик Стар қаламига мансуб “Йўқолган тамаддун” (Lost Enlightenment) номли ушбу китобда Ўрта Осиё тарихи ва маданиятининг қадим даврлардан Темурийлар давригача бўлган тараққиёти кенг ёритилган.
Айниқса, IX-XII асрларда минтақада кузатилган маданий ва илмий юксалиш жараёнига алоҳида эътибор қаратилган. Ўрта Осиё тарихнинг ҳар бир даврида дунё тамаддунининг бешикларидан бири бўлиб келганига урғу берилган.
Муаллиф ўз асарида Ўрта Осиё цивилизациясининг шаклланиш ва ривожланиш босқичларини чуқур таҳлил қилиб, бу минтақанинг жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган улкан ҳиссасини фактлар асосида очиб берган. Аҳмад Фарғоний, Мусо Хоразмий, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби буюк олимларнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва маданий мероси хусусида муҳим қарашлар илгари сурилган.
Асар минтақа илм-фани ва маданиятининг муҳим жиҳатларини очиб бериши билан бирга унинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини англашга ҳам ёрдам беради.
Китобни нашрга тайёрлаш жараёнида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида муаллиф билан мулоқот ўтказилиб, расмий нашр учун розилик олинди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этиладиган китобни Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларига тарқатиш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, “Йўқолган тамаддун” асари илмий жамоатчилик баробарида Ўрта Осиё тарихи ва маданиятига қизиқувчи барча китобхонлар учун муҳим ва фойдали манба сифатида хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА
Бугун мамлакатимизда Ёшлар куни кенг нишонланмоқда. Асосий байрам тадбирлари Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон ёшларини табриклаш ва қўллаб-қувватлаш учун бу ерга Президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди.
Конгресс марказига кираверишда ёшларнинг турли соҳалардаги лойиҳалари, кашфиёт ва ютуқлари тақдимот қилинди. Масалан, “Ёш инноваторлар” кўргазмасида муҳандислик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, учувчисиз қурилмалар намойиш этилган. “Яшил” ташаббуслар” майдончасида экология, муқобил энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга оид ишланмалар кўрсатилган. “Креатив лойиҳалар” бўлимидан ҳунармандлик, дизайн, тасвирий санъат, видео ва продюсерлик фаолиятидаги ютуқлар ўрин олган. “Ёшлар тадбиркорлиги ва стартаплар” майдончасида ушбу йўналишдаги муваффақиятли лойиҳалар ҳақида маълумот берилган.
Жумладан, тошкентлик Рустам Ҳамдамовнинг “Billz” дастури кичик ва ўрта бизнесни автоматлаштиришга ёрдам беради. Ҳозиргача бу лойиҳага Буюк Британия, Сингапур, Туркия ишбилармонлари 6 миллион 600 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган.
Қорақалпоғистонлик ёш фермер Шерзод Ниязимбетов органик помидорлар етиштириб, қуёшда қуритиб ва қадоқлаб, Италия ҳамда Франция каби давлатларга экспорт қилмоқда. Унинг корхонасида 200 нафарга яқин ходим ишламоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2019 йилдаги қарори билан ташкил этилган Ёшлар академияси бугунги кунда 7 мингдан зиёд ёш олимларни бирлаштирган. Кўргазмада улар учун кенг ўрин ажратилган. Тошкентлик Сайфулло Қодиров экин майдонларини рақамли хариталаш ва юқоридан дори сепиш имконини берувчи дронлар ясаган.
Олимлар орасида “Рақамли авлод қизлари” танлови ғолибалари кўплиги ҳам диққатга сазовор. Хоразмлик Лобар Абдуллаева онкологик касалликларга сунъий интеллект орқали ташхис қўйишга мўлжалланган “AI Scan” дастурини ишлаб чиққан. Қорақалпоғистонлик Қумара Сагидуллаева қуёш энергиясида юрувчи кичик трактор, тошкентлик Абдуллоҳ Жамолиддинов боғни автоматик суғориш тизимини ихтиро қилган.
Давлатимиз раҳбари мазкур тақдимотлар билан танишиб, уларнинг ташаббускорлари билан мулоқот қилди.
– Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат, мамлакатимиз келажагига таянч. Бугун фарзандларимиз замонавий йўналишларни эгаллаб, анча илгарилаб кетяпти. Уларни қўллаб-қувватласак, сифатли таълим бериб, шароит яратсак, бундан ҳам катта натижаларга эришади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга ихтирочи ёшларни тегишли вазирликларга бириктириб, лойиҳаларини ривожлантириш бўйича кўрсатма берилди.
Юртимизда бундай иқтидорли ўғил-қизлар кўп. Бу таълим соҳасига, айниқса, STEAM йўналишларига қаратилаётган эътибор натижаси. Сўнгги йилларда математика, физика, кимё ва ахборот технологияларига ихтисослашган кўплаб мактаблар ташкил этилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг йигит-қиз ўқитилди.
Ёш тадбиркорлар ташкил қилган 261 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган. Стартапларни молиялаштиришга 145 миллион доллар венчур сармоя киритилган.
Байрам муносабати билан ўтган учрашувда Президентимиз ёшлар учун янада кенг имкониятларни белгилаб берди.
Манба: https://president.uz