Нўъмонхон Яҳёхон,
Тошкент Ислом институти талабаси.
Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов «Российская газета»да эълон қилинган мақоласида тарихий хотира ва миллий ўзликни англаш ҳақидаги мушоҳадаларини ифода этди.
Муаллиф яқин ўтмиш ҳақида фикр юритар экан, аждодларимиз киму, бу дунёда жойимиз қаерда бўлганини унутиб қўйганимиз, энг аламлиси, замонавий дунё саҳнидаги маданий ва тарихий ўрнимиз қумга сингган сувдай «йўқолиб» қолганини такъидлайди.
Бугун эса Ўзбекистон қандай йўлга кирганини ва бу ерда нималар бўлаётганини барча кўриб, ҳис қилиб турганига ишонишини билдиради:
«Бир нозик жиҳат борки, буни ҳаммаям илғаб олаётганига шубҳам бор. Мен илгариги бир неча мақолаларимда билдирган фикримда собитман — узоқ йиллар кўп балоларни бошидан кечиришга мажбур бўлган бу юрт ва унинг халқи эндиликда нафақат мамлакат суверенитетини мустаҳкамлаш, балки унуттирилган ва бағридан юлиб олинган улуғ ўтмиш хотираси, маданияти ва аждодлари меросини тиклаш ҳамда бу шарафли ҳаракат ўлароқ ўз кимлигини топишга, маънавий янгиланишга бел боғлади, десам, тўғри бўлади», — деб ёзади Қ.Рафиқов.