Муҳтарам Президентимизнинг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорига биноан бу йилги қутлуғ ой "Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи" шиори остида ўтказилмоқда.
Унинг доирасида Наманган шаҳридаги "Мавлоно" қабристонида ташкил этилган хашарда маҳаллалар фаоллари, нуронийлар ва ёшлардан иборат мингга яқин фуқаролар иштирок этишди.
"Мавлавий" зиёратгоҳи олдида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов ҳамда бир гуруҳ имомлар, нуронийлар билан муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, эзгу ишларни давом эттириш мавзусида суҳбатлашди.
Шунингдек, тадбир доирасида ўтганлар хотираси ёдга олиниб, уларнинг руҳига Қуръон тиловот қилинди. Юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида қурбонлик сўйилиб, хайру саховат ишлари амалга оширилди. Манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ҳудуд янада кўркамлаштирилди.
Бу каби хайрли тадбирлар нафақат марҳумларнинг руҳини шод этиш, балки жамоатчиликни бирлаштириш, авлодлар ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати