Рамазон – иймон ва ихлос ойи, илм ва маърифат ойи. Шу муборак кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, устоз Зайниддин домла Самарқанд шаҳридаги "Хўжа Исҳоқи Валий" жоме масжидида бўлдилар. Уларга вилоят бош имом-хатиби Аҳмадхон домла ҳамроҳлик қилдилар.
Таровеҳ намози олди устоз Зайниддин домла жамоатга "Мазҳаб – уммат бирлигининг асоси" мавзусида мавъиза қилиб, уламолар йўлидан оғишмаслик, мазҳабга эргашиш Ислом умматининг бирлиги ва барқарорлиги учун нақадар муҳим эканини таъкидладилар. Шунингдек, мазҳабсизлик кишини бидъат ва гумроҳликка бошлаши ҳақида огоҳлантириб, ҳақ йўлдан юришнинг аҳамиятини тушунтирдилар.
Манфаатли суҳбатдан сўнг жамоат билан биргаликда таровеҳ намози адо этилиб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
2024–2025 ўқув йилида диний таълим муассасаларини муваффақиятли тамомлаб, вилоятимиз масжидларида хизмат вазифасига тайинланган соҳа ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбир ёш имомлар ва имом-ноибларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга маънавий-маърифий йўналишда зарур тавсиялар бериш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов ҳамда вилоят вакиллиги ходимлари иштирок этдилар. Суҳбат давомида масжидларда фаолият юритаётган ёш имомлар ва имом-ноибларнинг иш бошлаганларидан буён амалга оширган фаолияти, жамоа билан ишлаш тажрибаси ҳамда муоммолари тингланди.
Мулоқот чоғида Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ёш имомларнинг хизмат фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг ташаббуслари, масъулияти ва жамоатчилик билан олиб бораётган ишларига алоҳида тўхталдилар. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳамда Фарғона вилояти вакиллиги раҳбарияти, ташкилий тузилмаси ва асосий вазифалари, шунингдек, иш услуби ва талаблари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбирда имомлик юксак маънавий масъулият ва шарафли хизмат экани таъкидланди. Имом-хатиблар ва имом-ноиблар жамиятда ҳар томонлама ибрат бўлиши, ўз одоби, сўзи ва амали билан инсонларни эзгуликка чорлаши лозимлиги қайд этилди. Айниқса, ёшлар билан ишлаш, оилалар мустаҳкамлиги, диний-маърифий тарғибот ишларини замон талаблари асосида олиб бориш муҳим вазифалардан экани уқтирилди.
Учрашув якунида ёш соҳа ходимларига келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаб, доимий изланиш, билим ва малакасини ошириб бориш зарурлиги таъкидланди. Бундай учрашувлар ёш имомларнинг касбий ўсиши, масъулияти ва жамият олдидаги бурчини янада чуқур англаб етишига хизмат қилиши қайд этилди.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати