Рамазон – иймон ва ихлос ойи, илм ва маърифат ойи. Шу муборак кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, устоз Зайниддин домла Самарқанд шаҳридаги "Хўжа Исҳоқи Валий" жоме масжидида бўлдилар. Уларга вилоят бош имом-хатиби Аҳмадхон домла ҳамроҳлик қилдилар.
Таровеҳ намози олди устоз Зайниддин домла жамоатга "Мазҳаб – уммат бирлигининг асоси" мавзусида мавъиза қилиб, уламолар йўлидан оғишмаслик, мазҳабга эргашиш Ислом умматининг бирлиги ва барқарорлиги учун нақадар муҳим эканини таъкидладилар. Шунингдек, мазҳабсизлик кишини бидъат ва гумроҳликка бошлаши ҳақида огоҳлантириб, ҳақ йўлдан юришнинг аҳамиятини тушунтирдилар.
Манфаатли суҳбатдан сўнг жамоат билан биргаликда таровеҳ намози адо этилиб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази