Шу йил 11 март куни Рамазон ойи муносабати билан хайр-саховат ишлари уюштирилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Наманган вилояти бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов бошчилигида Мингбулоқ туманида ногирон, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган бўлган рус, карейс, ўзбек ва татар миллатига мансуб муҳтож кишилар ҳолидан хабар олинди.
Зеро, тарихдан маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳйи ва саллам ҳам бағрикенглик тамойилига амал қилганлар. У зот ўзга юрт ва дин вакиллари, яъни Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни масжидларига таклиф қилиб: “Улар бизнинг дўстларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ҳам уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Бу хайрли ишлар Исломнинг нақадар бағрикенг дин эканини кўрсатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати